Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида жуда кўплаб одамлар заҳарлангани айтилган видео тарқалди.
Шундан сўнг ҳокимлик матбуот хизмати воқеа бўйича тезкор муносабатини эълон қилди.
Айни дамда "Санэпидхизмат" матбуот хизмати ҳам ҳолат бўйича муносабат билдириб, заҳарланганларга ташхис қўйилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, бугун 12:10 ларда туман Юқумли касалликлар шифохонасига туманда истиқомат қилувчи 2006 йилда туғилган фуқаро Ғ. М ўзида кўнгил айниши, қусиш, бош оғриғи ва ич кетиши шикоятлари билан мурожаат қилган. Беморда зарурий тиббий муолажалар ўтказилиб, касаллик сабаблари ўрганилганда у бир кун аввал туман марказида жойлашган овқатланиш шохобчасидан бyргер сотиб олиб, истемол қилганлиги маълум бўлган. Шу куннинг ўзида соат 18:30 га қадар яна 16 нафар фуқаролар юқоридаги шикоятлар билан туман Юкумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилган.
"Барча беморларнинг ошқозони ювилиб зарурий тиббий муолажалар ўтказилди. Хозирда беморларнинг умумий ахволи қониқарли. Беморларга “Ўткир гастроэнтерит” ташхиси қўйилди. 2022 йил 6 июль 23:00 холатига шифохонада жами 37 нафар беморлар мурожаат қилган бўлиб беморларнинг 17 нафари даволанмоқда, қолган 20 нафари умумий холатига кўра тиббий кузатувга олинди",-дейилади хабарда.
Касалликка сабаб бўлган омилларни аниқлаш мақсадида оилавий корхонага қарашли овқатланиш шохобчасида эпидемиологик суруштирув ишлари олиб борилаётгани айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, корхонага қарашли 3 та шохобча фаолияти шу кунинг ўзида вақтинчалик тўхтатилган ва махсулотлар тайёрлаш хонаси хамда омборхонадаги махсулотлардан намуналар олиниб, Қўрғонтепа туман Санэпидхизмат лабораториясига текшириш учун юборилган.






