Ушбу ҳолат юзасидан ХТВ қуйидагиларни маълум қилди. Унга кўра, Олмалиқ шаҳридаги 80-сонли ихтисослаштирилган мактаб интернати — Тошкент вилоятидаги кар ва заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган ягона мактаб интернати ҳисобланади. Мактаб интернатига болалар Тошкент вилояти халқ таълими бошқармасининг йўлланмаси асосида қабул қилинади.
Шунингдек, Сирдарё вилоятида ҳам бу йўналишдаги ихтисослаштирилган муассаса мавжуд бўлмаганлиги сабабли ушбу вилоятдаги эшитишида нуқсони бўлган болаларни ҳам таълим билан қамраб олади.
Кар ва заиф эшитувчи болаларни таълимга жалб қилиш ва тўлиқ қамраб олиш учун микроҳудуд (Тошкент вилояти) бўйича шаҳар ва туманлар Соғлиқни сақлаш бўлимларидан шу тоифадаги болалар рўйхати олинади ва мактаб ёшидаги болалар таълимга жалб қилинади.
Педагог ходимларга дарс тақсимоти амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ўқувчилар сонидан келиб чиқиб, шакллантирилган синфлар сонидан келиб чиқиб тақсимланади.
Эшитишида нуқсони бўлган болаларни таълимдан четда қолишини олдини олиш мақсадида ушбу тоифадаги фарзандлари бор ота-оналарга умумий ўрта таълим мажбурийлигини ва бу болаларнинг таълим олишлари учун етарли шароитлар мавжудлигини тарғиб қилиш ҳамда тушунтириш ишларини олиб бориш ижобий натижа беради.
Ўрганишлар натижасида мактаб раҳбарияти томонидан ўқитувчиларга ўқувчи топиш юзасидан топшириқ берганлиги ўз тасдиғини топмаганлигини маълум қиламиз.






