5 июл куни соат 12:30 лар атрофида Учкўприк тумани Сариқўрғон МФЙ ҳудудида йўлнинг қарама-қарши томонида ҳаракатланиб келаётган “Тiko” ва “Жигули” русумли автомашиналар тўқнашиб кетиши натижасида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди.
Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармасининг хабар беришича, бахтсиз ҳодиса пайтида Фурқат тумани давлат солиқ инспекциясининг 3 нафар ходими “Тiko” русумли машинада бўлган. Афсуски, йўл транспорт ҳодисаси натижасида И.Расулов воқеа жойида вафот этган. Турли даражада тан жароҳатлари олган Н.Ўролхонов Қўқон шаҳар Марказий шифохонаси, Х.Эшонқулов эса Учкўприк тумани Марказий шифохонаси жонлантириш бўлимларига олиб кетилган ва айни вақтда даволаниш жараёни давом этмоқда.
Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси ҳамда инспекция раҳбарияти марҳум И.Расуловнинг хонадонида бўлиб, оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирдилар. Шунингдек, келгусида мунтазам равишда оила ҳолидан хабар олиб турилиши ҳамда ёрдамга ҳамиша тайёр эканликларини маълум қилдилар.
"Шу билан бирга, шифохонада даволанаётган беморлар ҳолидан хабар олдилар ва зарур ёрдамлар кўрсатилмоқда" дейилади хабарда.






