Каттақўрғон туман адлия бўлими томонидан туман Халқ таълими бўлимида ўтказилган мониторинглар натижасида ҳудуддаги бир эмас, ўн эмас, 20 нафардан ортиқ мактаблардаги кутубхоначиларга берилиши керак бўлган қўшимча рағбатлантириш пуллари тўлаб берилмаганлиги аниқланди. Бу ҳақда "Darakchi.uz"га Самарқанд вилояти Адлия бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, тумандаги 31-мактаб кутубхоначиси Н.Бозорова 2 182 957 сўм, 92-мактаб кутубхоначиси М.Ялғашова 1 029 697 сўм, 44-мактаб кутубхоначиси Х.Шарипов 2 059 394 сўм, ҳудди шунингдек, 4, 41, 73, 104, 28, 8, 27, 24, 51, 5- сингари мактаб кутубхоначиларига ана шундай миқдордаги иш ҳақаларига қўшимча тарзда берилиши лозим бўлган жами 25 нафар кутубхоначига 54 миллион 580 минг 431 сўм тўланмаган.
Адлия бўлими ходимларнинг манфаатларини кўзлаб Фуқаролик ишлари бўйича Каттакўрғон туманлараро судига даъво аризаси киритди. Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди деганларидек, адолат қарор топди. Суд Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 171, 178- моддаларини қўллаб, адлия бўлимининг аризасини қаонатлантирди.
Қонун устувор бўлган жойда тараққиёт, ривожланиш бўлади. Агар ҳар бир масъул идора ва раҳбарлар ўз ходимларининг қонуний манфаатларини кўзлаб иш тутса, жамиятда ўксик қалблар бўлмайди. Зотан бировнинг ҳақи бировга буюрмайди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 майдаги ПФ-134-сон Фармони билан умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган кутубхоначиларининг ойлик маошлари 2022 йил 1 сентябрдан оширилиши белгиланди.






