Ўзбекистонла Дори воситаларининг клиник тадқиқотларини ривожлантириш маркази ташкил этилади. Бу ҳақда бугун, АОКАда ўтказилган брифингда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Қизлархон Бегматова маълум қилди.
Унга асосан, марказга тиббий, клиник ва лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш учун Корея Эксимбанки жамғармаси кредитлари йўналтирилади. Лойиҳанинг қиймати 125 млн. АҚШ доллари, бу орқали 250 та янги иш ўринлари яратилади.
Марказ қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
- Дори воситаларининг клиник тадқиқотларини халқаро этик ва илмий стандартлар талабларига мувофиқ ташкил этишни жорий этиш;
- республика ҳудудида клиник тадқиқотларни ривожлантириш ҳамда клиник базаларни жаҳон стандартлари асосида модернизация қилишни мувофиқлаштириш;
- "Зарур клиника амалиёти (GCP)" талабларига мувофиқ дори воситаларининг клиник тадқиқотларини ўтказишни ташкил этиш;
- женерик дори воситаларининг оригинал дори воситаларига фармакологик биоэквивалентлигини аниқлаш;
- клиник тадқиқот субъектида дори воситаларининг фармакокинетик тадқиқотларини ўтказиш;
- тиббиёт ходимларининг клиник тадқиқотлар ўтказиш соҳасида малакасини ошириш;
- "Зарур клиника амалиёти (GCP)" йўналишида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.
Маълумот ўрнида, республикада бугунги кунда 89 та клиник тадқиқот базалари фаолият юритиб келмоқда. Қарорга биноан мазкур клиник тадқиқот базалари 2026 йилга қадар босқичма-босқич халқаро аккредитациядан ўтказилади.
Дилбар Абдунабиева.






