АсосийJamiyat

“Сафар йигит кишини тарбиялайди”

'“Сафар йигит кишини тарбиялайди”'ning rasmi

Жиззахлик Асадулло Маҳкамов 9 йил деганда талабалар сафига қўшилди. У Ўзбекис­тондаги олий таълим даргоҳларига кира олмагач, ишлаш, оиласига ёрдам бериш учун Россияга жўнаб кетганди. Асадулло орзусидан воз кечмагани, муҳожирлик ҳаётида кўрган қийинчиликлари ҳақида ҳикоя қилиб берди.

“Ака-укаларимнинг орзуcи учун ҳам йўл бўшатиб беришим керак эди”

— Болалигимдан ҳуқуқшуносликка қизиқардим. Шу сабаб мактабни битириб, ҳуқуқшунослик йўналишидаги коллежга кирдим. Кейин қўшимча репетиторларда тайёрланиб, Жиззах давлат педагогика университетининг ҳуқуқшунослик факультетига топширдим. Омадим чопмадими, ўқишга киролмадим. Қайта тайёрланиб, 2014 йил Тошкент Давлат юридик университетига ҳужжат топширдим. Тақдир эмас экан, бу сафар ҳам талаба бўлолмадим. “Шунча тайёрланиб ҳам олий таълим даргоҳига кира олмади” деган таънадан ор қилиб, кўздан узоқроқ бўлиш учун бироз муддат уйдан ҳам чиқмай қўйдим.

Чет элдаги танишларим ўқимай туриб ҳам Ўзбекистондаги ўқиганлардан кўп пул топишаётганини айтишди. Талаба-ку бўлолмадим, энди ота-онамга оғирлигим тушмасин, деб Россияга кетишга қарор қилдим. Чунки оддий деҳқон оиласидан бўлганлигим учун дадам ҳаммамизга бирдек пул топиб бериши қийин эди. Ака-укаларимнинг орзуcи учун ҳам йўл бўшатиб беришим керак эди. Шундай қилиб, масъулиятни сезиб, мусофирчиликни бўйнимга олдим. Тушкунликка тушиб қолганим учун ҳам ота-онам кетишимга рухсат берди.

“Сафар йигит кишини тарбиялайди”

— 2014 йил август ойи охирида Россияга бордим. Келишим билан расмиятчилик бошланди. Ҳужжатларимни тўғрилашимга бир ой вақт кетди. Кейин бир қурилиш компаниясига ишга кирдим. Иш ҳақи соатбай эди. Компания турар-жойимизни қилиб берган, еб-ичишни ўзимиз ­амаллардик.

Бу ҳаётимдаги илк сафарлиги учун бошида анча қийин бўлган. Ҳар куни кийимларимни ювиб дазмоллаб берадиган, сал иситмам чиқса, дори-дармон тутадиган ойим олдимда йўқ эди. Ҳатто овқат ололмай ҳафталаб оч қолган вақтларимиз ҳам бўлган. Шундай қилиб секин-аста ҳаммасига кўникдик. Уй тозалаш, овқат тайёрлаш кундалик ишларимизнинг бир қисми бўлди. Шунда сафар йигит кишини тарбиялашига тўлиқ амин бўлдим.

“Имтиҳон учун 5 йил кетма-кет Ўзбекистонга келиб турганман”

— Россияга ишлаш учун келган бўлсам ҳам, ич-ичимда юрист бўлиш орзуси турарди. Қачон бўлса ҳам барибир ўқишга кираман, деган ишонч ва қатъият бор эди. Шунинг учун ҳеч қачон ўз устимда ишлашдан чарчамадим. Кундузи ишлаб, кечалари ўзим билан олиб келган китобларимни қайта-қайта ўқир, ойнага қараб савол-жавоб қилардим. Ва 5 йил кетма-кет август арафасида ўқишга киришга ҳужжат топшириш учун Ўзбекис­тонга бориб турганман. Аммо бўлмади. Натижасиз уринишга ҳафсалам қолмагани учун саккизинчи йил ҳеч қаерга ҳужжат топширмадим. Энди олий маълумотли бўлиш фикридан қайтгандим.

Тўққизинчи уринишда эришилган талабалик...

Асадуллонинг ниҳоят ўқишга кириши қандай кечгани ҳақида укаси Абдулло айтиб берди.

— Акамнинг самарасиз уринишларини кўриб, ўқишга топшириб, вақтимни бой беришни истамадим. Ва 2021 йил мактабни битирдим-у, акам билан ишлаш учун Россияга келдим. Бироқ ҳали иккимизда ҳам ўқиш истаги сўнмаганди. Бир куни интернет орқали олий таълим даргоҳларига ҳужжат топшириш рекламасини кўриб қолдик. Шу сабаб бўлди-ю, бахтимизни синаб кўриш учун қизиқишларимизга мос университетга ариза топширдик. Акам Санкт-Петербург давлат университетининг юридик факультетига, мен Ядровий энергетика инс­титутининг иссиқлик энергияси факультетига сиртқи таълим учун имтиҳон топширдик. Бахтни қарангки, ҳозир ака-ука иккимиз ҳам талабамиз.

“Бу ерда ўзбекчилик йўқ, йиқилдими, ҳайдалади”

Ҳикоянинг давомини яна Асадуллонинг ўзидан эшитамиз.

— Ўқитиш тизими Ўзбекистондан деярли фарқ қилмайди. Сентябрдан июнгача 10 ой давом этади. Ўқув йили 2 семестр бў­йича имтиҳон асосида баҳоланиб борилади. Кундузги таълим 4 йил, сиртқи таълим жараёнлари йилда икки марта бир ойдан 5 йил давом этади.

Бу ердаги таълим тизимининг Ўзбекистондан фарқли жиҳати шундаки, бу ерда давомат ва форма муаммолари йўқ. Семестр охирида бўладиган имтиҳондан ўта олса бўлди. Имтиҳонлар ҳаққоний бўлади. Бу ерда “ўзбекчилик” йўқ, йиқилдими, ҳайдалади. Шунинг учун ҳамма ўзи учун ўқийди.

Яқин-яқингача бошқа мамлакатда ўқиб қайтган мутахассиснинг дипломи Ўзбекистонда тан олиниши анча қийин эди. Ҳозир диплом ишини қайта ҳимоя қилиб бемалол ишласа бўлади. Мана шунинг ўзи бизга катта имконият берди. Агар олий таълим тизимидаги бу ўзгариш бўлмаганида, биз ҳам ўқимас эдик, эҳтимол.

“Менга ишим ёқади, аммо…”

— Ишим қийин эмас, дўкон расталарига маҳсулотларни териб чиқаман. Иш вақти маҳсулотни қанча вақтда жойлаштириб чиқишга боғлиқ. Қанча тез ишласак, шунча бўш бўламиз. Мен 7 дан 13 гача ишлайман. Куннинг иккинчи ярмида ўқийман. Ҳафтада 2 кун дам оламан, 5 кун ишлайман. Ойига 1000 доллар топаман. Олий ўқув юрти шартномаси учун йилига 2000 доллар тўлайман.

Шунча йил имтиҳонларим муваффақиятсиз бўлган бўлса ҳам умрим бесамар кетмади. Дадамга уйни таъмирлашга ёрдам бердим. Ишим ўзимга ёқади. Бироқ соғинч қийнайди. Бизни ота-онамиз ҳар лаҳзада кутяпти. Айниқса онам менга келин топиб чақириб олиш ҳаракатига тушган. Аммо олий таълимни тамомлаганимиздан кейин укам иккаламиз Ўзбекис­тонга қайтиб, соҳамиз бўйича фаолият олиб бормоқчимиз.

Умида САТТОРОВА суҳбатлашди.

    Бошқа янгиликлар