Жорий йилнинг 1 июль куни Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлиги хизмати ва Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзнефтгазинспекция” томонидан навбатдаги назорат тадбири ўтказилди.
Унда аниқланишича, Тошкент вилоятида “тадбиркор” томонидан 12 миллиард сўмдан ортиқ ёки ёз мавсумида 63 мингта хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг табиий газдан ноқонуний фойдаланилган.
Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.
Назорат тадбирида "Ўртаовул олтин ғишт” МЧЖга қарашли Янгийўл туманидаги “У.Мусаев” МФЙ ҳудудида жойлашган пишган ғишт ишлаб чиқариш цехи кўздан кечирилган. Ушбу цех 2020 йил сентябрь ойида газ таъминоти тармоғидан узилиб, қувурлари демонтаж қилинганлигига қарамасдан, газ ҳисоблагич ўрнатмаган ҳолда ўғринча табиий газдан фойдаланиб келинаётганлиги маълум бўлди.
Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур корхона томонидан давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори 12 миллиард 586 миллион 373 минг сўмни ёки ёз мавсумида 63 мингта хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг бўлган табиий газ талон-торож қилинган.






