Ижтимоий тармоқда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз тумани ҳокими фермернинг буғдойини ўғирлагани ҳақида хабар берилди. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати эса айни пайтда бу хабарни рад этиб, фермер туҳмати учун жавобгар бўлишини билдирди.
"Шаҳрисабз туманидаги “Ашуров Ёрқин Истамович” фермер хўжалигидаги ғалла ўриб кетилгани билан боғлиқ видеоахборотлар турли ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб келинмоқда. Ушбу ахборотда фермер Ёрқин Ашуров ўрим-йиғим ишлари 22 июнь куни бошлангани, ўша куни тунги соат 2:00 гача ўрим бўлгани, 9 гектар ердан 50 тонна ғалла топширганини иддао қилади. Аслида эса “Ашуров Ёрқин Истамович” фермер хўжалигида 2022 йилги ғалла ҳосили учун ўрим-йиғим ишлари жорий йилнинг 23 июнь куни бошланиб, 25 июнь куни ниҳоясига етган. Ўрганишлар натижасида йиғилган ҳужжатлар фермернинг иддаоси ва у келтирган рақамларни буткул рад этмоқда. 23 июнь куни Ёрқин Ашуров 7,5 тонна (Ёрқин Ашуров иддаосида ошириб кўрсатилган тонна 42,5 тонна). 24 июнь куни 36,64 тонна, 25 июнь куни эса 24,76 тонна буғдой ўриб топширган. Унинг жами 20,9 гектарлик ғалла майдонидан олинган ҳосили 68,9 тоннани ташкил этган. Бу рақамлар фермер ўзи имзо қўйиб, муҳр босган юк хатларида кўрсатиб ўтилган",-демоқда ҳокимлик.
Маълум қилинишича, “Шаҳрисабз барака дон” МЧЖ ғаллачилик кластери билан “Ашуров Ёрқин Истамович” фермер хўжалиги ўртасида тузилган фючерс шартномасига асосан фермер унга йил давомида хизмат кўрсатиб келган кластерга гектарига 35 тоннадан жами 73,1 тонна буғдой топшириши шарт бўлган. Аммо фермер шартнома шартларини бузиб, кластерга ғаллани 4,2 тонна кам топширган. Ашуров Ёрқин ўрим-йиғим ишларида тўлиқ иштирок этган. Кейинчалик ғалла сотиш шартномавий режаси бажарилмай қолгач, ишчиларига ойлик маош сифатида ваъда қилинган буғдойни тўлашдан қочиш мақсадида ижтимоий тармоқлар орқали турли ёлғон бўҳтонлар тарқатишни режа қилган ва амалга оширган.
Шунингдек, Ёрқин Ашуров видеоахборотда буғдойлар “Химпункт”га тўкилаётганини, у ер захар эканини айтиб ўтган. Аслида у айтиб ўтган жой “Амир Темур” ҳудудидаги минерал ўғитлар тарқатиш шоҳобчаси бўлиб, унда қарийб 30 йилдан буён ҳеч қандай кимёвий воситалар сақланмаган. Санитария эпидимиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати маркази Қашқадарё вилояти бошқармаси ҳудудни ўрганмай, унинг қачонлардир “кимёвий ўғитлар омборхонаси” бўлганини асос қилиб, бу ерда буғдой сақлашни мақсадга мувофиқ деб топмаган.
Ҳокимлик Ёрқин Ашуров ва бошқаларга нисбатан интернет тармоғидаги турли ахборот дастурлари ва “Yutube” каналларида туман ҳокимига турли ғаразли ва паст ниятларда туҳмат қилгани учун Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини айтмоқда.
"Келгусида тергов органлари томонидан айбдор шахслар доираси аниқланади, ҳақиқат қарор топади ва жавобгарларга жазо муқаррарлиги таъминланади",-дейилади раддияда.






