АсосийJamiyat

Бухорода одамларнинг қўйини бўғизлаб кетаётгани айтилган чупакабра ўлдирилди (видео)

'Бухорода одамларнинг қўйини бўғизлаб кетаётгани айтилган чупакабра ўлдирилди (видео)'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда Бухорода пайдо бўлган чупакабра ўлдирилгани айтилган хабар тарқалди. 

Маълум бўлишича, ҳолат вилоятнинг Ромитан туманидаги “Чилонғу” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Суспатта қишлоғида содир бўлган.

Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нутфулло Саидовнинг “Дарё”га маълум қилишича, ҳақиқатан ҳам ҳудудда бир дона чупакабра пайдо бўлган. Бироқ у аҳолининг мол-ҳол ва қўй-қўзиларига зиён етказишга улгурмаган.

“Суспатта қишлоғи Газли чўли ҳудудига яқин манзилда жойлашган. Чўл зона бўлгани учун у ерда шоқол, дайди итлар, чиябўри, тулки, юмронқозиқ ва бошқа ҳайвонлар бор. Маҳалла болалари чупакабранинг шу манзилдаги 2-сонли касб-ҳунар мактаби яқинида юрганини кўриб қолган. Сергаклик билан мол-ҳолларига зиён етказмаслиги учун уни қувлашга тушишган. Чупакабра савдо дўконининг еростига кириб кетган. У жуда ҳам озғин ва касал ҳолатда бўлган. Ҳақиқатан ҳам уни маҳалламиз одамлари ўз хавфсизликлари учун ўлдиришган”, — дейди Нутфулло Саидов.

Маҳалла раисининг билдиришича, бир нечта ёввойи ҳайвонларнинг аҳоли қўйини судраб кетаётгани тасвирланган видеодаги ҳайвонлар чупакабра эмас, балки дайди итлар ҳисобланади. Улар чупакабра ҳайвони пайдо бўлишидан илгари аҳолининг қўй-қўзиларига ҳужум қилган. Бу ҳақда туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлимига ҳам маълумот берган.

 

    Бошқа янгиликлар