Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича департаменти 2022 йил ноябрига қадар дунё аҳолиси сони 8 миллиард кишига кўпайишини маълум қилди.
Таъкидланишича, 2020 йилда дунё аҳолисининг ўсиш суръати 1950 йилдан бери биринчи марта йилига 1 фоиздан пастга тушиб кетган. Ташкилот экспертларининг ҳисоб-китобларига кўра, 2030 йилга бориб аҳоли сони 8,5 миллиард кишига, 2050 йилга бориб 9,7 миллиард кишига, 2100 йилга келиб эса 10,4 миллиард кишига етиши мумкин.
Шу билан бирга, ўсиш иқтисодиёти қолоқ мамлакатлар ҳисобига содир бўлади. 2050 йилга келиб, прогноз қилинган ўсишнинг ярмидан кўпи Конго, Миср, Эфиопия, Ҳиндистон, Нигерия, Покистон, Филиппин ва Танзанияда тўпланади. Амалдаги етакчиларда қизиқарли ўзгаришлар рўй беради: 2027 йилга бориб Ҳиндистон аҳоли сони бўйича Хитойдан ўзиб кетади.






