АсосийJamiyat

Ўзбекистонга дрон олиб кириш тартиби қандай?

'Ўзбекистонга дрон олиб кириш тартиби қандай?'ning rasmi

Ўзбекистон Республикасига учувчисиз учар қурилмалар, яъни дронларни олиб кириш, улардан фойдаланиш, сотиш ва сотиб олиш – жиноят. Бунинг учун 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиш мумкин.

Албатта, қонунчиликда жазодан қутулиб қолиш имкони ҳам тақдим этилган. Бунда фуқаро қурилмасини ўз ихтиёри билан мутасадди идораларга топшириши лозим бўлади.

Шу билан бирга, истисно ҳолатлари ва дронларни вақтинча олиб кириш тушунчаси ҳам мавжуд.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 26 ноябрдаги 322-сонли қарорига кўра, учувчисиз учиш мосламалари, яъни дронларни мамлакатимизга олиб кириш тартибга солинган.

Дронларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, реализация қилиш ва ундан фойдаланиш тақиқланган. Лекин, истисно ҳолатлари ҳам мавжуд.

Масалан, “Геоинновация маркази” ДУК томонидан ер ресурслари, геодезия, кадастр, релъефларни тасвирга олиш ишларини амалга ошириш бўйича бу қурилмаларни республикага олиб киришга рухсат берилган. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорларида бу каби мосламалардан фойдаланишга рухсат берилади.

Шунингдек, божхона амалиётида вақтинча олиб кириш деган термин ҳам мавжуд. Бу ҳолатда дронлар олиб кирилади ва маълум бир мақсадда фойдаланилгандан сўнг, қайтариб олиб чиқиб кетилади.

Қуйидаги ташкилотларга истисно тариқасида дронларни вақтинча олиб киришга рухсат берилган:

- Туризм ва спорт вазирлиги;

- Кинемотография агентлиги;

- Маданият вазирлиги.

Ушбу вазирлик ва ташкилотлар томонидан маълум ҳудудларда фильм олиш ёки тарихий обидаларни тасвирга тушириш мақсадида вақтинчалик олиб киришга рухсат берилган. Аммо бунда баъзи бир шартлар бор.

Мудофаа вазирлиги ҳамда авиахавфсизлик бўйича қўмитани огоҳлантирган ҳолда, ушбу идораларга дронлар ким томонидан олиб келиниши, қаерда фойдаланилиши ва унга жавобгар шахслар бўйича маълумотлар тақдим этилади.

Дронларни олиб кирувчи шахслар уларга шахсан жавобгар ҳисобланади. Бунда ваколатли органлар – ИИВ, ДСҚ, ДБҚ, ДХХ ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан уни назорат қилиш белгилаб берилган.

Шунингдек, 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси қонуни билан Жиноят кодексига 244-4-моддаси қўшилиб, унга асосан рухсат этилмаган ҳолатда дронларни ўтказиш, олиб кириш, сақлаш, фойдаланиш учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Ушлаб қолинган дронлар суд қарорига кўра мусодара қилинади.

    Бошқа янгиликлар