АсосийJamiyat

Эрон делегацияси Ўзбекистон Олий Мажлиси қуйи палатасида бўлди

'Эрон делегацияси Ўзбекистон Олий Мажлиси қуйи палатасида бўлди'ning rasmi

2022 йил 13 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлиси қуйи палатасида Эрон Ислом Республикаси Исломий кенгаш мажлисининг раиси Муҳаммад Боқир Қолибоф бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказилди.

Учрашувда кейинги йилларда икки томонлама муносабатларнинг босқичма-босқич ривожланиб бораётгани, мамлакатларимиз ўртасида сиёсий ва иқтисодий соҳадаги мулоқотларнинг фаоллашгани ижобий баҳоланган.

— Давлатларимиз раҳбарлари ўтган йили сентябрь ойида Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва ноябрь ойида Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитлари доирасида бўлиб ўтган Олий даражадаги мулоқотларда икки мамлакатлар ўртасидаги амалий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Бу эса икки томонлама савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларимизнинг янада ривожланишида муҳим омил бўлмоқда, — деди Спикер Н. Исмоилов. – Ўз ўрнида биз икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқаларни ҳам янги даражага олиб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратишимиз керак бўлади. Зеро тарихи, дини, урф-одати ва анъаналари яқин бўлган минтақамиздаги давлатлар ва халқлар ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда парламентлараро ҳамкорликнинг ўрни беқиёс.

 

Таъкидланишича, мазкур учрашувлар асносида илгари сурилган таклифларнинг амалий ижроси келажакда икки томонлама савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, транспорт-логистика, энергетика ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик муносабатларимизни янада ривожланишига хизмат қилади.

Учрашув чоғида Ўзбекистон-Эрон ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, уни янги мазмун билан бойитиш, норма ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги амалий ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлашда парламентларнинг ролини кучайтиришга келишиб олди.

Эслатиб ўтамиз, бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Эрон делегацияни қабул қилди.

Эрон парламенти делегациясининг мамлакатимизга ташрифи давом этмоқда.

    Бошқа янгиликлар