Ижтимоий тармоқларда “Қўшработ туманидаги мактабгача таълим муассасаларидан бирида ҳодимлар бир-бирларини "кружка" билан уриб бошини ёришди” сарлавҳаси остида видео тарқалди.
Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати маълумот тақдим этди.
Маълум қилинишича, 2022 йилнинг 1 июль куни Қўшработ туманидаги мактабгача таълим муассасаларидан бирининг мудираси Ч.А. ҳамда шу муассаса методисти Э.Г.лар ўртасидаги келишмовчилик натижасида жанжал юзага келган. Жанжал давомида Ч.А., Э.Г.нинг боши қисмига бакал билан уриб, тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан жорий йилнинг 02 июль куни Қўшработ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






