АсосийJinoyat

Тошкентда аёлни бир миллион сўмга пулламоқчи бўлишди

'Тошкентда аёлни бир миллион сўмга пулламоқчи бўлишди'ning rasmi

Оналик мақомига эришган, кези келганда турмушнинг паст-баландини кўрган айрим нозик ҳилқат вакиллари одам савдоси жиноятини содир қилаётгани ачинарли ҳол. 30 ёшли аёл ҳам Яшнобод туманида ўтказилган тезкор-тадбир давомида қўлга олинди. Боиси у ўзини бошқа исм билан таништириб, ғаразли ва паст ниятларда бир аёлдан шаҳвоний ниятларда фойдаланишни мақсад қилган. Бироқ...

Судда судланувчи тариқасида сўроқ қилинган аёл эълон қилинган айбга тўлиқ иқрорлик билдирди. Гап шундаки, судланувчи жабрланувчи аёлни харидор танишига 1 000 000 сўм эвазига сотишга келишади. Судланувчининг сўзларига кўра, харидор аёлни 2021 йилдан буён танир экан. 

– 2022 йил бошида Яшнобод туманида жойлашган бозор кўпригининг остида бегона аёл турганини кўрдим. Ташқи кўринишидан бир аҳволда эди. Олдига бориб, у билан танишдим. Вилоятда истиқомат қилиши, шароити оғир экани, ишлаб пул топмоқчи эканини билдим. Сўнг уни уйимга олиб кетдим. Ундан нима иш билан шуғулланишини сўраганимда, фоҳишалик билан шуғулланишини айтди. Дарҳол танишимга қўнғироқ қилиб, фоҳишалик билан шуғулланадиган аёл борлигини маълум қилдим. Танишим унинг қандай ҳужжати борлигини сўради. Шунда аёлнинг ёнида ФҲДЁ томонидан берилган маълумотнома борлигини билдик. Харидор танишим бу аёл учун менга 1 000 000 сўм беришини айтди. У билан Яшнобод туманида учрашиб олишга келишдик. Бу орада шаръий никоҳдаги турмуш ўртоғимга қўнғироқ қилиб, дўстининг автомашинасида танишимнинг олдига олиб боришини сўрадим. Сўнг аёлдан тилхат ёзиб беришини сўрасам, “яхши ёзолмайман”, деди. Шу боис унинг номидан “ўз хоҳишим билан ишлаш учун келдим”, деган мазмунда тилхат ёзиб бердим ва у имзо қўйиб берди. Тилхатни ўзимда олиб қолдим. Бироз вақт ўтиб, танишим билан белгиланган манзилда учрашдик. Танишим менга айтилган миқдордаги пулни берди, - дейди судланувчи.

Судланувчи жабрланувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатини танишига бериб, келишган миқдордаги пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Судланувчи фуқаролик кийимидаги ИИО ходимларига “танишимдан олган пулим унинг қарзи эди. Анча вақт олдин танишим мендан 1 млн. сўм қарз олганди. Бирор бир аёлни сотиш мақсадим бўлмаган”, дея аввалига ёлғон гапирган. Айбига иқрор бўлгач эса, қилган ишидан пушаймонлиги, жиноят содир этиш йўлига қайтиб кирмаслигини билдирган. 

Суднинг ҳукмига кўра, судланувчи Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга шу модда билан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Манфаатдор тарафларга етказилган бошқа моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилди.

          

Анвар ИКРОМОВ, 

жиноят ишлари бўйича 

Яшнобод туман суди судьяси 

    Бошқа янгиликлар