Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган "ақлли" светафорлар ҳақида маълумот берди.
"Ақлли" светафорлар Ўзбекистонда биринчи бўлиб Фарғона Политехника институти олимлари томонидан яратилган. Шундан сўнг улар Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 618,2 млн. сўм маблағ билан молиялаштирилган.
Ҳозирда улар Фарғона вилоятидаги "Олтиариқ Инновация" корхонаси томонидан ишлаб чиқарилмоқда.
"Ақлли" светафорларнинг дастури ўзбек тилида, бу эса харидорлар маҳсулотни созлашда қийинчиликларга дуч келмаслигини таъминлайди.
Ушбу светафорлар турли хил ноқулайликларнинг олдини олиш мақсадида автоматик равишда ўз ўрнини ўзгартира олади, яъни тепага кўтарилади ва тушади. Бу жараёнда ҳеч қандай инсон омили қатнашмайди.
Улар қувватли ва чидамли светодиодлар, монокристал кремний асосидаги қуёш панеллари, зангламас металл конструкция ва совуққа чидамли электротехника қисмларидан ташкил топган.
Бугунги кунда ташкилотнинг ишлаб чиқариш қуввати ойига 20 та светафорга тенг. Бу кўрсаткич жорий йилнинг 3-чорак якунига қадар 2 баробарга оширилиши кутилмоқда.
Ўзбекистоннинг 8 та вилоятида 43 та шундай мобил светафорлар ўрнатилиб, 850 млн. сўмлик даромадга эришилди.
Ушбу "ақлли" светафорлар учун Python дастурлаш тили орқали интеллектуал тизим ҳам яратилган бўлиб, у орқали тирбандликларнинг олдини олишга эришиш мумкин бўлади.






