Бу бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, вазирлик ва идораларга келишиш учун юборилди. Ҳозирги кунда вазирлик ва идоралардан мазкур лойиҳа юзасидан таклифлар олинмоқда. Бу ҳақда АОКАда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Бош прокуратура, Ички ишлар ва Адлия вазирликлари мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Мазкур ҳужжат билан, шунингдек:
● тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордер суд томонидан бир йил муддатгача берилишини белгилаш;
● аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаганлик учун жавобгарликни кучайтириш;
● яқин қариндоши бўлган хотин-қизга қасддан тан жароҳати етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш;
● шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни ва номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни белгилаш каби қатор нормаларни киритиш кўзда тутилмоқда.
Адлия вазирлиги томонидан 2021 йилда «Гендер-мадад» электрон ҳуқуқий маслаҳатчи платформаси ишлаб чиқилди. Ушбу платформага хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган турли мавзуларга оид маълумотлар базаси жойлаштирилди. Мавзулар қуйдагилардан иборат: Аёллар ҳуқуқий ҳимояси; Гендер тенглик; Аёлларга имтиёзлар; Оилавий муносабатлар; Оилавий зўравонлик; Халқаро ташкилотлар Гендер тенглигига эришиш стратегияси. Бундан ташқари, платформа орқали гендер масалалар бўйича ҳуқуқий борада маслаҳатни онлайн чат орқали олиш тизими йўлга қўйилди.
«Хотин-қизлар ҳуқуқлари бўйича долзарб икки ой» доирасида ташкил этилган сайёр қабулларда жами 1400 дан зиёд хотин-қизларнинг муаммолари эшитилди.






