Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Ургут туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.
Унда, фуқаро Д.В. бошқа бир фуқаро А.ни танишлари орқали Қозоғистон Республикасидаги университетлардан бирига тўғридан-тўғри 3-курсига ўқишга киритиб, кейинчалик ўқишини Ўзбекистонга кўчириб бериши эвазига 3 500 АҚШ долларини олган вақтида ушланган.
Шунингдек, Д.В. фуқаро М.ни қўшни Тожикистон Республикасидаги университетга ўқишга киритиб, Ўзбекистонга кўчириб бериш эвазига 3 000 АҚШ доллари олганлиги аниқланган.
Шу каби, Департамент ҳамда ДХХнинг Гулистон тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Ф.Г. бошқа бир фуқаро Р.ни танишлари орқали Украина Республикасидаги университетлардан бирида ўқиётганлиги ҳақида ҳужжат қилиб, ўқишини Гулистон Давлат университетига кўчириб бериш эвазига 3 200 АҚШ доллари сўраб, шундан 1 500 АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.






