АсосийJamiyat

Китоб тумани марказий шифохонасидаги пичоқбозлик бўйича қўшимча маълумот берилди

'Китоб тумани марказий шифохонасидаги пичоқбозлик бўйича қўшимча маълумот берилди'ning rasmi

Куни кеча, интернет сайтлари, телеграм каналлар ва ижтимоий тармоқларда Китоб тумани тиббиёт бирлашмасида бир гуруҳ фуқаролар ўртасида жанжал юз берганлиги акс этган видеотасвирлар  эълон қилинди. 

Мазкур ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси муносабат билдирди. 

Маълум қилинишича, 2022 йил 18 июль куни соат 12:48 да Китоб тумани "Самарқанд" МФЙ ҳудудида яшовчи, 2004 йилда туғилган фуқаро Т.О. турли жароҳатлар билан туман тиббиёт бирлашмаси қабул-диагностика бўлимига олиб келинган. Бемор зудлик билан мутахассислар томонидан тегишли текширувлардан ўтказилиб, унга биринчи ёрдам кўрсатилган ва шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган.  

 Шу бемор билан бирга тиббиёт бирлашмасининг травматология бўлимига "Самарқанд" МФЙ ҳудудида яшовчи, 1955 йилда туғилган Қ.Р. ҳам жароҳат олганлиги сабабли ётқизилган.

Ушбу воқеалардан бироз вақт ўтиб, туман тиббиёт бирлашмаси ҳовлисида бемор Т.О. дан хабар олишга келган қариндошлари ҳамда беморга жароҳат етказганликда гумонланаётган кишилар ўртасида жанжал юзага келган. Жанжал натижасида яна бир гуруҳ фуқаролар жароҳатланган.

Жумладан, "Самарқанд" МФЙ ҳудудида яшовчи, 1979 йилда туғилган Қ.И. ва шу маҳаллада яшовчи, 1978  йилда туғилган А.А.  санчиб кесилган турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.

Фуқаролар ўртасидаги жанжал шу ерда ҳозир бўлган ички ишлар ходимлари томонидан тўхтатилган. Жароҳатланган фуқароларга зудлик билан тегишли тиббий ёрдамлар кўрсатилган.

Айни пайтда юқорида қайд этилган 4 нафар беморнинг аҳволи қониқарли, даволаш жараёнлари давом эттирилмоқда.  Ҳодиса оқибатида туман тиббиёт бирлашмасида даволанаётган бошқа беморлар, бу ерда фаолият кўрсатаётган тиббиёт ходимлари ва воқеага гувоҳ бўлган бошқа фуқароларга шикаст етмаган. Ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

 

Бошқа янгиликлар