Тошкентда "Ўзбекистон-Эрон илм-фан ва инновация форуми" ўз ишини бошлади.
Мазкур форум Эрон вице-президенти Сорена Сатторийнинг мамлакатимизга ташрифи доирасида Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Эрон Фан, тадқиқотлар ва технологиялар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Форум давомида Инновацион ривожланиш вазирлиги биносининг кўргазмалар залида Ўзбекистон ва Эрон инновацион компаниялари ва стартаплари маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилади, икки мамлакат корхона ва ташкилотларининг инновацион ишланма ва маҳсулотлари намойиш этилади.
Сорена Сатторий, Эрон Ислом Республикаси Президентининг илм-фан ва технологиялар бўйича Вице-президенти :
- Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган воқеалар, тараққиёт кўрсаткичлари мени хурсанд қилди. Жаноб Абдураҳмоновга Ўзбекистонда инновациялар соҳасида катта янгиликлар борлигини таъкидладим. Биз инновацияларни амалга оширишда хусусий секторни ҳам жалб қилишни таклиф қилдик. Бизларда муштаракликлар кўп. Келгусида ўртамиздаги алоқалар янада ривожланишига ишонамиз. Хусусан, илм-фан соҳасидаги ҳамкорликлар кучаяди.
Биз олий таълим ва илмий ташкилотларимиз ўртасида ўзаро алмашинув алоқаларини кенгайтиришимиз лозим. Шунингдек 2 мамлакат ўртасидаги қўшма лойиҳалар ҳамкорликларимизни кенгайтиришга сабаб бўлади, деб ўйлайман.
Бу каби учрашувлар сонини ошириш керак. Тез кунларда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик сабаб кўплаб корхоналар ташкил этилишидан умидвормиз.
Ўзбекистон ривожланишнинг тўғри йўлини танлаган. Бу эса келгуси ўз мевасини беради. Хусусан, мазкур тараққиёт йўлини янада ривожлантириш учун хусусий секторга йўл очиш лозим.






