Камчиқ довонида аянчли ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда Наманган вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, 21 июль соат 00:05 ларда А 373 Тошкент-Ўш автомобил йўлининг 222 километрида водий-Тошкент йўналишида ҳаракатланиб бораётган давлат рақами 40 Q 486 XA, тиркама рақами 40 АА 7422 бўлган MAN русумли ёқилғи ташувчи юк автомашинаси, қарама-қарши йўналишга ўтиб кетиб, давлат рақами 40 Q 943 WA бўлган "Damas" автомашинасига бориб урилган.
Оқибатда ҳодиса жойида ёнғин юзага келиб, транспорт воситалари ёниб зарарланган. Ёнғин содир бўлган ҳудудда "Nexia" автомашинасига ҳам техник шикаст етган. Афсуски ёнғин оқибатида вафот этганлар бор. Ҳодиса жойида ёнғин асоратлари ва тирбандликни бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.






