Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги баёнотига кўра, ҳозирга қадар маймун чечаги вируси рўйхатга олинган мамлакатлар сони 80 тага етди. Текширувлар давомида жами 14 минг нафар бемор инфекцияни юқтиргани тасдиқланган. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
“Шу кунгача мазкур хасталикдан бешта ўлим ҳолати қайд этилгани ҳақида бизда расмий маълумотлар бор, — дейди ташкилот бош директори Тедрос Гебрейесус. — Эпидемиядан зарар кўрганлар асосан Европада яшовчилар ҳиссасига тўғри келади”.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, баъзи минтақаларда пасайиш тенденцияси кузатиляпти, бошқа давлатларда эса аксинча, беморлар сони ошиб бормоқда.
“Ўтган ҳафта давомида эпидемия тарқалган мамлакатлар сони олтитага кўпайди, — дея сўзини давом эттиради ЖССТ раҳбари. — Уларда илк касалланиш ҳолатлари рўйхатга олинган.
Бироқ айрим давлатларда хасталикка аниқ ташхис қўйиш имконияти чегараланган, диагностика воситалари етишмайди. Шу боис ташкилотимиз уларга маймун чечагини аниқлашда қўлланиладган тестлар юборади”.
Гебрейесуснинг фикрича, айни пайтда ушбу эпидемияга қарши энг самарали кураш воситаси ахборот ва тарғиботдир. Одамлар бу хавфли инфекция ҳақида қанчалик кўп маълумотга эга бўлса, касалликни жиловлаш шу қадар осонлашади.
Эслатиб ўтамиз, маймун чечаги вируси аломатлари асосан иситма, умумий интоксикация ва танада тошмалар билан намоён бўляпти.






