Жорий йилнинг биринчи ярмида ўтказилган аттестацияда иштирок этиш учун жами 294 минг 175 нафар педагог мурожаат юборган.
Шулардан, 78 минг 527 нафар педагог навбатдаги-мажбурий, 214 минг 985 нафари навбатдан ташқари, ўзи ихтиёри билан аттестацияда иштирок этиш учун, 809 нафари эса имтиёзлари мавжудлиги сабаб тўғридан-тўғри тоифа олиш учун мурожаат юборган.
АОКАда ўтказилган брифингда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Шавкат Хўжақулов педагог кадрлар учун қулайликлар яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 мартдан бошлаб 30 та ўқув фанларидан тест синовлари бўйича онлайн-репетициялар ташкил этилганини маълум қилди.
Ўқув фанларидан малака синовлари жорий йилнинг март-май ойларида реал вақт режимида, замонавий ахборот коммуникация технологиялари билан таъминланган хоналарда онлайн тарзда ўтказилган.
Шунингдек, маданият ва санъат йўналишидаги мутахассислик ва умумкасбий фанларидан ижодий имтиҳон шаклида ташкил қилинди. Барча ҳудудларда ўтказилган синовлар imtihon.tdi.uz сайти орқали реал вақт режимида эфирга узатиб борилди.
Якуний натижаларига кўра, аттестацияда иштирок этган жами педагогларнинг 16 минг 190 нафари, яъни 6 фоизи олий малака тоифаси, 53 минг 662 нафари, яъни 19 фоизи биринчи малака тоифаси, 104 минг 782 нафари, яъни 38 фоизи иккинчи малака тоифаси олишга муваффақ бўлган. 20 минг 30 нафар 7 фоиз педагогларга нисбатан эса мутахассис лавозимига мувофиқ эмаслиги тўғрисида қарорлар қабул қилинган.
61 минг 489 нафар педагог ўз ихтиёри билан навбатдан ташқари аттестацияда иштирок этиб, паст натижа қайд этган. Аттестация иштирок этган жами педагогларнинг 68 фоизи ижобий натижа қайд этишган.
Жорий йилнинг биринчи ярмида ўтказилган педагог кадрлар аттестациясида ижобий натижа қайд этган педагоглар салмоғини ҳудудлар кесимида таҳлил қилганда Хоразм, Навоий ва Наманган вилояти ўқитувчилари юқори натижа қайд этган бўлса, Қашқадарё, Жиззах ва Тошкент вилояти вакиллари бошқа вилоятларга нисбатан пастроқ натижа кўрсатишган.
Таълим инспекциясининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ўтказилган аноним сўровномада иштирок этган 18 минг нафардан ортиқ педагогнинг 92 фоизи 2022 йилнинг биринчи ярмида ўтказилган педагог кадрлар аттестацияси жараёнларини ижобий баҳолашган.
Жорий йилги аттетация жараёнларида педагогларга яратилган яна бир қулайлик, малака тоифаси олинганлиги ҳақидаги сертификатлар илк маротаба электрон кўринишда ҳар бир ўқитувчининг шахсий кабинетига юборилди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, жорий йилнинг 1 август кунидан бошлаб, иккинчи ярим йилликда ўтказиладиган педагог кадрлар аттестациясида иштирок этиш учун ҳужжатлар қабул қилиш бошланади. Ушбу синовларда иштирок этиш учун педагоглар инспекциянинг pedkadr.tdi.uz сайти ёки my.gov.uz Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат юборишлари мумкин.






