Айни дамда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси қизғин давом этмоқда. Бу жараёнда халқимиз томонидан минглаб таклифлар тушмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси парламент ваколатлари доирасида Конституциявий комиссия билан Қонунчилик палатасидаги Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталари масъуллигида кўриб чиқилмоқда.
Сизга маълумки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 15 июлдаги қарорига асосан, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасининг муддати иккинчи марта 2022 йил 1 августга қадар узайтирилди.
Табиий савол туғилади: Нега бундай қарорга келинди? Умумхалқ муҳокамаси муддатининг узайтиришнинг қуйидаги 4 та сабаблари бор.
Биринчи сабаб. Конституциявий комиссия аъзолари, депутатлар, сенаторлар, олимлар, мутахассислар иштирокида жойларда ўтказилаётган учрашувлар, мулоқотларда лойиҳа бўйича халқимиз билдираётган таклифларнинг сони ва салмоғи ортиб бормоқда. Бу эса, умумхалқ муҳокамаси учун 10-15 кун муддат камлик қилишини кўрсатди.
Конституциявий ислоҳотларнинг биринчи босқичида, яъни 20 майдан 24 июнга қадар фуқароларимиздан 62 мингдан ортиқ таклифлар тушди.
Иккинчи сабаб. Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича салкам бир ой ичида 80 мингдан ортиқ таклифлар тушди.
Таклифларнинг сони ўсиш динамикаси ҳақида гап кетганда, аниқ рақамларни келтириш ўринли бўлади.
Сир эмаски, Конституциявий комиссия ташкил этилиб, таклифлар йиғиш ишлари бошланган 26 май-25 июнь кунлари жами 62 238 та таклифлар келиб тушган эди. Конституциявий қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, умумхалқ муҳокамаси эътиборига ҳавола этилган санадан, яъни 25 июндан то 21 июлга қадар жами 88 515 та таклифлар келиб тушди.
Умумхалқ муҳокамасини эълон қилиш бўйича парламентнинг илк қарорида муҳокама 25 июндан то 5 июлга қадар ўтказилиши белгиланган эди. Муҳокаманинг биринчи ўн кунлигида халқимиздан қонун лойиҳаси бўйича 49 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушганди. Таклифлар йўллашдаги фаоллик кундан-кунга ўсиб бориши кузатилди. Дейлик, муҳокаманинг илк кунида 2771 та таклифлар берилган бўлса, 6-кунга бориб, кунлик таклифлар сони 14 702 тани ташкил этди. Яъни, ҳар куни келиб тушадиган таклифлар сони қарийб 5 баробарга ўсган вақтлар ҳам бўлди.
Умумхалқ муҳокамаси муддати иккинчи бор узайтирилганида, яъни 5 июлдан 15 июлга қадар бўлган даврда кунлик таклифлар ўсишида бирмунча барқарорлик кузатилган бўлсада, уларнинг умумий сони кўплигича қолди, яъни иккинчи ўн кунликда яна 15 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушди.
Бу эса парламент Қуйи палатаси томонидан яна бир бор умумхалқ муҳокамаси муддатини узайтиришга оид қарор қабул қилинишига сабаб бўлди.
Учинчи сабаб. Умумхалқ муҳокамаси жараёнида миллий қонунчилик базаси ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига доир таклифлар тинмаяпти. Бу таклифларнинг ҳар бири қонун ижодкорлари – ОМҚП учун хазина. Халқимизда муҳокама кайфияти етилган авж палласида мулоқотнинг бу ноёб шаклидан мукаммал фойдаланиш, халқимизнинг барча ёш тоифасини фикрини тўла эшитиш мақсадга мувофиқ деб ҳисобланди.
Тўртинчи сабаб. Умумхалқ муҳокамаси муддатини узайтириш тўғрисидаги парламент қарори фуқароларимиз истак ва талабларидан келиб чиқиб қабул қилинди. Конституция – мамлакатимиз, халқимиз, миллатимизнинг келажагини белгилаб берувчи бош ҳужжат. Бундай вазиятда асосий мақсад — жараённи белгиланган тақвим асосида қатъийлик билан ўтказиш эмас, аксинча, халқ фикрини охиригача эшитиш, сўнгра хулоса қилишдир. Бу жараён эса шошмашошарликни Биз мана шу режа-мақсадга амал қилдик.
Хусусан, М.Азизова “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. Хотин-қизлар ва эркаклар гендер тенглиги давлат томонидан кафолатланади” деган таклифни илгари сурган бўлса, Тошкент шаҳридан Ш.Гаффарова 46-моддасига иккинчи қисм сифатида "Давлат жамиятнинг барча соҳаларида аёллар ва эркаклар учун имкониятлар тенглигини кафолатлайди" деган таҳрирда қўшимча киритишни таклиф этган.
Хоразм вилоятидан Р.Қурбонбоев 46-модда бўйича ўз таклифида “эркаклар ва хотин қизлар белгиланган қонун доираси асосида тенг ҳуқуқлидурлар” деган таҳрирда киритишни сўраган.
Умумхалқ муҳокамаси жараёнида парламент аъзолари ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари, сиёсий партиялар, идора ва ташкилотлар томонидан ҳудудларда давлат органлари, маҳаллалар, корхона ва муассасаларда жами 1 081 000 нафар фуқаролар иштирокида ўтказилган 18 798 дан зиёд учрашувда конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказилди.
Ҳозирда Қонунчилик палатасининг масъул қўмиталари ва Конституциявий комиссия келиб тушаётган таклифларнинг барчасини кўриб чиқиб, ўзларининг асослантирилган хулосаларини тайёрламоқда ва қонун лойиҳасини маромига етказиш ишлари билан банд.
Бир сўз билан айтганда, Конституциянинг ўзи халқнинг руҳияти, тафаккури ва дунёқараши билан суғорилган бўлиши лозим. Шундагина у халқчил Конституция бўлади. Халқимиз томонидан берилган таклифлар сўзсиз конституция нормаларини янада бойитади. Зотан, ҳар қандай демокртик ислоҳотлар мустаҳкам конституциявий-ҳуқуқий асосга эга бўлсагина бардавом ва самарали бўлади.
Одилжон Тожиев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,
Конституциявий комиссия Матбуот котиби.






