АҚШ маъмурияти Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маймунчечак эпидемиясини жамоат саломатлиги учун фавқулодда ҳолат деб эълон қилганидан келиб чиқиб, вирус тарқалишини назорат қилиш учун халқаро ҳамжамият томонидан келишилган ҳаракатлар зарурлигини таъкидламоқда. Бу бўйича Оқ уйнинг пандемия масалалари бўйича координатори Раж Панжобийнинг тегишли баёноти эълон қилинди.
Унинг сўзларига кўра, ЖССТнинг бу қадами жаҳон ҳамжамиятини ушбу вирус тарқалишини тўхтатиш учун ҳаракатга чақиришдир.
“Маймунчечак тарқалишини тўхтатиш, инфекцияга энг заиф ҳудудларни ҳимоя қилиш ва ҳозирги эпидемияни назорат қилиш учун мувофиқлаштирилган халқаро ҳаракатлар зарур",- дейди у.
АҚШ маъмурияти расмийсининг сўзларига кўра, мамлакат ҳукумати аввалроқ маймунчечак касаллигига қарши кураш стратегиясини маъқуллаган. Бу, хусусан, ваксиналарни сотиб олиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, шунингдек, уларни бутун мамлакат бўйлаб тарқатишни назарда тутади. Бундан ташқари, Вашингтон жамоатчиликка маймунчечакни текшириш учун қўшимча имкониятларни тақдим этиш ва кўпроқ тушунтириш ишларини олиб бориш ниятида.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Тедрос Аданом Гебреисус кеча бошида маймунчечак эпидемиясини халқаро аҳамиятга молик жамоат саломатлиги фавқулодда ҳолат деб эълон қилди. Ташкилот раҳбарининг сўзларига кўра, ҳозирда 75 та давлат ва ҳудудларда 16 мингдан ортиқ инфекция ҳолатлари қайд этилган ва беш киши вафот этган.






