Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан Ғафуров Абдувоитжон Ҳусейнович Республика тез тиббий ёрдам маркази директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда ССВ Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 41 ёшли А.Ғафуров иқтисодчи ва дастурчи-муҳандис мутахассислигига эга.
Маълумот учун: Президентнинг жорий йил 16 июндаги “Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори асосида тез тиббий ёрдам хизмати ҳамда тиббий автохўжаликлар негизида Республика тез тиббий ёрдам маркази ва унинг 14 та ҳудудий филиали ташкил қилинган.
Мазкур қарорда тузилмага мамлакат бўйлаб тез тиббий ёрдам бўйича ягона электрон автоматлаштирилган бошқарув тизими ва ягона “Call-марказ”лар фаолиятини йўлга қўйиш, тез тиббий ёрдам автотранспорт воситаларини радиоалоқа воситалари ва GPS-трекерлар билан, тез тиббий ёрдам бригадаларини планшетлар билан тўлиқ таъминлаш, қисқаси, IT-технологиялардан самарали фойдаланган ҳолда тизимни уникал кўринишга келтириш бўйича вазифалар юклатилган.






