Бўстон туманида «RASH-MILK» корхонасининг директори Мирзаев Раҳмиддин Давлатбоевични бешавқат ўлим меҳрибон ота, садоқатли дўст ва элпарвар инсон Раҳмиддин Мирзаевни 46 ёшида орамиздан олиб кетгани ҳақида хабар берган эдик.
Маълумот ўрнида:
Рахмиддин Мирзаев 1976 йил 16 августда Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида таваллуд топган. Ушбу инсон таъсисчилиги ва бевосита раҳбарлигида вилоятда йирик ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилиб, кўплаб янги ишчи ўринлари яратилди. У 2003 йилда биринчилардан бўлиб Бўстон туманида «RASH-MILK» корхонасини ташкил этиб, қора молларни парваришлаш, сут хом-ашёси олишдан тортиб ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча босқичларни ўзида мужассам этган кластер усулини жорий этган. Корхонада дастлаб атига бир турдаги қуруқ сут маҳсулоти ишлаб чиқарилган бўлса, ҳозирги кунда 60 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Жамият томонидан Германия давлатидан 2 минг бошга яқин наслли қора моллар олиб келинган бўлиб, замонавий технологиялар асосида парвариш этилмоқда. Тадбиркор томонидан 300 та ишчи ўрни яратилган.
Шунингдек, ушбу корхона таъсисчилигида Хўжаобод туманида замонавий технологиялар асосида йилигиа 1,2 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, ҳудуддаги 400 нафар фуқаро даромадли иш билан таъминди. Тадбиркорнинг ташаббуси билан вилоятдаги маҳаллаларда бетон йўл лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Ҳокимлик таъзия билдирди:
"Раҳмиддин Мирзаев вилоятнинг энг саҳоватпеша, камбағалларни қўллаб-қувватлашга ва ижтимоий соҳани ривожлантиришга ҳисса қўшиб келаётган инсонлардан бири бўлиб, биргина Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли тумани марказида ёшлар учун 5 миллиард сўм маблағ ҳисобига 150 ўринли кутубхона қурилган бўлиб, бунда унинг алоҳида ҳиссаси бор. Мазкур кутубхона 20 минг дона янги адабиётлар ҳамда 10 та замонавий моноблок компьютери билан жиҳозланди. Унинг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлардаги иштироки, меҳнатлари Давлатимиз Раҳбари томонидан юқори баҳоланиб, 2019 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Андижон вилояти ҳокимлиги Раҳмиддин Мирзаевнинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзоларига, яқинларига, шогирдларига чуқур ва самимий таъзия изҳор этади. Доим халқ хизматида бўлган инсоннинг оҳирати обод бўлсин"






