Маълумки, транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариш маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг объектив томонини ташкил қилувчи ҳаракатлар Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси (МЖтК) билан қўриқланадиган жамоат муносабатларини жиддий бузади ва унинг оқибатида жиноятлар содир этилишига ҳам олиб келади.
Шу нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда ҳамда ушбу тоифадаги ишлар йилдан-йилга ошиб бораётганлигини инобатга олиб, қонун чиқарувчи ҳар доим ушбу тоифадаги ҳуқуқбузарликлар учун жазони кучайтириб бормоқда.
Жумладан, 2018 йил 22 октябрдаги ЎРҚ-503 – сонли Қонун билан МЖтКнинг 131-моддаси 1-3-қисмлари санкциясидаги жазолар кучайтирилди.
Киритилган ўзгартиришга кўра, МЖтКнинг 131-моддаси 1-қисмига махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари жарима қўлланилиши белгиланди.
Бу Қонун қабул қилинишига Республика бўйича 2017 йилда маст ҳолда транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик 53.541 та аниқланганлиги ва бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан 42 фоизга ошганлиги сабаб бўлган.
Қашқадарё вилоятида 2021 йил давомида ушбу тоифадаги ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортилган шахслар сони 2020 йилга нисбатан 10 фоизга ошган бўлса-да, жиноят ишлари бўйича судларнинг Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати билан ҳамкорлигида ушбу тоифадаги ҳуқуқбузарликнинг профилактикаси борасида ўтказилган тадбирлар натижасида ҳайдовчиларнинг маст ҳолатда транспорт воситасини бошқариши бир мунча камайган.
Жумладан, 2021 йилнинг биринчи ярми давомида 1131 шахс транспорт воситасини маст ҳолатда бошқарганлиги учун жазоланган бўлса, 2022 йилнинг шу даврида ушбу кўрсаткич - 709 шахсни ташкил қилган ва бу тоифадаги ҳуқуқбузарликлар сони 422 тага ёки 37 фоизга камайишига эришилган бўлса-да, бугунги кунда йўл ҳаракати хавфсизлиги масаласи ўта муҳимлиги сабабли, бу борадаги фаолиятимизни танқидий руҳда қайта кўриб чиқиб, ушбу тоифадаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини янада кучайтириш зарур бўлади.
Маст ҳолатда транспорт воситасини бошқарганлиги учун жавобгарликка тортилган 709 шахсдан:
- 606 нафарига жарима (шундан 553 нафарига жарима билан бирга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланган);
- 103 нафарига маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Маъмурий жавобгарликка тортилганларнинг 145 нафари ёшлар (18-30 ёш), 25 нафари 60 ёшдан ошган шахслардир.
2021 йилнинг биринчи ярми давомида жарима қўлланилган шахсларнинг 36 фоизига МЖтКнинг 33-моддасига асосан қонунда белгиланган жариманинг энг кам қисмидан ҳам камроқ жарима қўлланилган бўлса, 2022 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич – 2 фоизни ташкил қилган.
Транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш билан бир қаторда ҳайдовчининг мастлигини аниқлаш учун текширишдан бўйин товлаганликда (МЖтКнинг 136-моддаси) ифодаланган маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳам ўз хусусиятига кўра, МЖтК билан қўриқланадиган жамоат муносабатларини жиддий бузади.
2022 йилнинг биринчи ярмида МЖтКнинг 136-моддаси билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик содир этган 315 шахс жавобгарликка тортилган бўлиб, шундан 280 нафарига жарима, 35 нафарига маъмурий қамоқ жазолари қўлланилган. Ушбу тоифадаги ишлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки бараварга ошган.
Судлар бу тоифадаги ҳуқуқбузарликларга қарши муросасиз курашаётганлиги ва келгусида ҳам бу каби қўпол қоидабузарларга жазо муқаррарлигини таъминлашини инобатга олиб, барча Йўл ҳаракати қатнашчиларидан қонунларга қатъий риоя қилишини сўраймиз.
Қашқадарё вилоят суди раисининг ўринбосари Ў. Мамадалиев