“Ўқиш давримда онам мени деб ҳеч қачон маошини қўлига олмаган”. Риштонлик Достонбек Сиддиқов қандай қилиб Вьетнамда “Йил ўқитувчиси” бўлгани ҳақида

ЖАМИЯТ 27.07.2022, 10:44
Теглар: Фото, Риштон, Вьетнам, Достонбек Сиддиқов
“Ўқиш давримда онам мени деб ҳеч қачон маошини қўлига олмаган”. Риштонлик Достонбек Сиддиқов қандай қилиб Вьетнамда “Йил ўқитувчиси” бўлгани ҳақида

Яқинда Facebook ижтимоий тармоғида риштонлик йигитнинг Вьетнамда йил ўқитувчиси бўлгани ҳақида хушхабар тарқалди. Табиийки, ватандошимизни нафақат таниган, балки шахсан танимаган юзлаб одамлар табриклашди, ҳавас қилишди, фахрланишди. 

Вьетнам давлатида “Йил ўқитувчиси” бўлган, Россия, Хитой, Малайзия, Таиланд, Лаос, Камбоджа давлатларида дарс берган, 12 та тилни мукаммал биладиган полиглот ўқитувчи Достонбек Сиддиқов билан яқиндан танишдик, муваффақият сирлари билан ўртоқлашдик. 

“УЧ ЁШИМДА ЛИЦЕЙ ДОСКАСИДА ЁЗГАНМАН”

Қаҳрамонимиз 1990 йилда Фарғона вилояти Риштон туманида ўқитувчилар оиласида туғилган. Оилада икки сингилга ака бўлган Достонбек эсини таниганидан буён ота-онаси уйга ҳар куни газета ёки китоблар билан кириб келишини эслайди. 

— Бувим, ота-онам таълим соҳасида узоқ йиллар ишлашган ва шунинг учун ҳам бизнинг таълим олишимизда уларнинг ўринлари беқиёс. Дадам эсимни танишимдан олдин ўқиш, ёзишни ўргатган эканлар. 3 ёшимда бувим директорлик қилган лицейга бориб, доскага “Салимжон домла” (раҳматли) деб ёзиб ҳаммани ҳайрон қолдирган эканман.

“ЎҚИШГА ТОПШИРГАНИМДА ОМАДИМ КЕЛМАГАН, АММО...”

— Мактаб, лицейни тамомлаб ўқишга топширдим, лекин омадим келмади. Ўзимда бошқача режалар бор эди, лекин ота-онам қистови билан яна уриниб кўрдим. (Жонлари омон бўлсин) Хуллас, узун ҳикоя қисқача қилинганда, Фарғона Давлат университетининг инглиз тили йўналишини 2014 йилда тамомладим. Осон бўлмаган... Онам кутубхоначи эдилар, ҳеч қачон қўлига ойлик олмаган. Ойлик тўғридан-тўғри контрактим учун кетарди. Бувим, ота-онам биргаликда биз, 3 фарзандни олий маълумотли қилишди. Ўқиб юрган пайтимда тилларга қизиқиш уйғонди. Ҳеч қачон дадам, “немис ёки француз тилини ўрганмоқчиман” деганимда йўқ демаган, доим қўллаб-қувватлашган. Бувим эса уйда генерал: ишлар қолиб кетса кетсин, репетиторинг­га бор, дарсингга бор… Хуллас, ёрдамлари беқиёс бўлган. Оилам­га ёрдам қилиш мақсадида 1-курслигимдан ишлашни бошлаганман, туманимиздаги бир нечта мактабларда 0.25 ставкада дарс бериб юрдим. Ҳозир 12 йиллик тажрибага эгаман. Университетни тамомлаб, тумандаги Академик лицейга ишга кирдим.

Хорижга нима сабабдан кетгансиз?

— Баъзи бир сабабларга кўра, Россияга боришни хоҳладим, Москвада ўқув марказларида ишладим ва инглиз тилини бош­қа миллат вакилларига ўқитиш хоббимга айланди. Шу билан саёҳат қилишни бошлаб юбордим. Саё­ҳат қилиш ва бошқа халқларнинг ўқувчиларини ўқитиб тажриба йиғиш мақсадида Хитой, Малайзия, Таиланд, Лаос, Камбоджа давлатларини кўрдим, ўргандим, бироз ишладим ва охири Вьетнамда тўхтадим.

“АСОСИЙ МАҚСАДИМ ИНГЛИЗЛАР ОЛДИДА УЯЛИБ ҚОЛМАСЛИК ЭДИ”

Вьетнамда “Йил ўқитувчиси” бўлдингиз. Бунинг учун қандай босқичларни босиб ўтдингиз? 

— Дарахт бир жойда кўкаради де­йишганидек, 3 йиллик меҳнат самарасини энди кўра бошладим. 2019 йилда  “Йил янгилиги” мукофотини ҳам олгандим, лекин “Йил ўқитувчиси” сифатида эътироф этилишим мен учун фантастика эди. Тинимсиз изландим, янгиликлар қилишга ҳаракат қилдим, асосий мақсадим, ҳақиқий инглизлар олдида уялиб қолмаслик эди. Дарсларда янгича, ноанъанавий усуллардан фойдаланишга ҳаракат қилдим. Доимо таклифлар бериб турдим. Ўқувчилар учун видеолар тайёрладим.

“ЭЛЛИККА ЯҚИН ЎҚУВЧИМ IELTS`ДАН ЮҚОРИ БАЛЛ ОЛДИ”

— RES (Reliable English School) Вьетнамдаги IELTS ўқитадиган жуда катта мактаб. British council, IDP сингари халқаро ташкилотлар билан доимий ҳамкорликда иш олиб боради. Мактаб ташкил этилганига 18 йилча бўлди ва ҳозирда 40 дан ортиқ мактаблар Вьетнамнинг турли шаҳарларида фаолият юритади. Ҳар ўқув йили охирида базм уюштирилади ва “Йилнинг энг яхши ўқитувчиси”, “Йил янгилиги”, “Йил филиали” сингари тақдимотлар қилинади. 500 дан ортиқ хорижиий ўқитувчилар ва 700 нафар вьетнамлик ўқитувчи-мураббийлар ичидан йил давомида ишига, ўқувчилардан олинган feedback (ўқитувчи ҳақида ўқувчилар фикри)ларга қараб 10 нафар хорижий, 10 нафар вьетнамлик ўқитувчи танланади. Йил давомида 6 нафар ўқувчим IELTS 8 ва ундан юқори, 40 нафардан кўпи 6,5-7 балл олиб, ҳозирда Канада, Буюк Британия­да ўқишни давом эттиришяпти. Менимча юқоридаги ютуқларим ҳисобга олинган ҳолда, менга ҳам ушбу мукофот насиб этди.

“ОХИРГИ 4-5 ЙИЛ ЎЗБЕКИСТОНЛИК ЎҚИТУВЧИЛАРГА ОМАДЛИ КЕЛДИ”

Ўзбекистондаги ­таълим билан хориждаги таълимнинг фарқи нимада?

— Агар 3 йил олдин шу саволни берганингизда, катта роман ёзиб берган бўлардим. Ҳозир Ўзбекис­тонда яшамасам ҳам, таълимдаги ислоҳотларни доимо кузатиб бораман. Айниқса охирги 4-5 йиллик ўзбекистонлик ўқитувчиларга омадли келди, деб айта оламан. Албатта, хориждан фарқ қиладиган жиҳатларимиз мавжуд. Мисол учун, мен ишлайдиган мактабда “feedback” бор, яъни сиз ҳақингизда ўқувчилар фикр билдиришади. Позитив фикрлар берилса, кўпроқ дарслар берилади, агар ёмон фикр олсангиз сизни тезгина бошқа ўқитувчига алмаштиришади. Бу тизим ўқитувчини тинмай ўз устида ишлашга мажбур этади. Бизда эса ўзбекчилик: қўшним, амакимнинг ўртоғи деган баҳоналар билан ўқувчига ёқмаса ҳам давом этаверамиз. Ҳозирги болаларга дарсликлар камлик қилади, янгиликлар талаб қилишмоқда.

Республикамиздаги таълим тизимига муҳим беш таклиф беринг!

1. Ўқитувчига кўпроқ эркинлик ва керак бўлган барча имкониятларни яратиб бериш (ўз устида ишлаш учун);

2. Аввало таълим сифатига эътибор;

3. Нафақат ўқувчилар, балки “музлаб” қолган ўқитувчилар билан ишлаш, “қолип”дан чиқариш;

4.  Мактабларда имтиҳонларни ислоҳ этиш. Ҳеч ким имтиҳонлардан қўрқмай қўйган.

5. Ўқитувчи, мураббийларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш.

Бугунги ёшларнинг кам­чи­лик­лари нимада? Ўзбекистонлик ёшларга нима маслаҳат берасиз?

— Нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда, хусусан Вьетнамда ҳам ёшлар вақтини беҳудага сарфлашади. Турли видеоўйинлар, ижтимоий тармоқлар вақт ўғриларидир. Улардан меъёрида ва тўғри йўлда фойдаланиш, албатта, бошқа гап. ВАҚТ қанчалик қимматли эканини тушуниб етишади, албатта. Бироқ кеч бўлади. Ўзингизга ёққан соҳани танланг, биров мажбурлаб олиб кириб қўйган соҳада натижа кўрсата олмайсиз, деган бўлардим.

“IELTS ЭНДИ ҚИЙИН ЭМАС” КИТОБИ ЧОП ЭТИЛАДИ

Ҳозир нималар билан бандсиз? Янги режаларингиз қандай?

— Айни пайтда, ирландиялик дўстим, Hanoi, IDPдa IELTS имтиҳон олувчи Ian Ellis билан соддалаштирилган IELTS китоби устида ишлаяпмиз. Янги йилда китоб “IELTS энди қийин эмас” номи остида Ўзбекистонда чоп этилади. Шунингдек, Янги йилдан яна ватанга янгиликлар, яъни тажрибалар билан қайтиш ниятидаман.

Фарида ЭГАМБЕРДИЕВА суҳбатлашди

Шарҳлар

Афсонавий Қиз минораси, энг митти китоблар музейи, машҳур “Бриллиант қўл” филми... Бокунинг Ичери Шеҳери сайёҳларни нимаси билан ўзига жалб этмоқда? (фотосаёҳат)

21.06.2022, 23:03

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Озарбайжон давлат туризм агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган инфо-тур муносабати билан бир гуруҳ ўзбекистонлик журналистлар Озарбайжоннинг маданияти,...
darakchi.uz сайти бош муҳаррири Фарида Эгамбердиева “Олтин қалам” мукофоти ғолиби!

04.05.2022, 18:07

Айни пайтда “Туркистон” санъат саройида  3 май – Жаҳон матбуоти  эркинлиги куни муносабати билан таъсис  этилган  журналистика соҳасидаги “Олтин қалам” ХVI Миллий мукофоти халқаро танловининг...
Риштонда машина олиб бераман деб 3.500 АҚШ долларни ўзи учун сарфлаб юборган шахсга жиноят иши қўзғатилди

24.07.2021, 18:57

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати бу ҳақда хабар қилди. Маълум бўлишича,  2019 йилнинг ноябрь ойида фуқаро Ғ.Р. Э.А.нинг ишончига кириб, автомашина олиб беришини вада қилади.  3.500 АҚШ долларини...
Мандаринлар тўкилиб ётадиган шаҳар, куёвлар беллашуви сабаб яратилган муҳташам театр ёхуд "Гладиатор" қаҳрамонига айланиш сири. Бу маскан қаерда? (фотосаёҳат)

01.02.2021, 23:36

Аввал хабар қилганимиздек, Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан ўзбекистонлик журналист ва блогерлар учун Истанбул, Анталия ва Каппадокия шаҳарларига «Пандемия шароитида туризм» лойиҳаси доирасида навбатдаги...
Об-ҳаво: Тошкент
+9.97° tumanli
Валюта курси
11230.37
USD -15.74
11732.37
EUR 44.29
184.82
RUB -1.02
1