1

Маймун чечагини юқтирган беморлар сони янада кўпроқ бўлиши мумкин — ЖССТ эксперти

ДУНЁ 27.07.2022, 11:27
Маймун чечагини юқтирган беморлар сони янада кўпроқ бўлиши мумкин — ЖССТ эксперти

 Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маймун чечаги инфекцияси бўйича бош мутахассиси Розомунд Льюис мазкур вируснинг кенг тарқалиши билан боғлиқ хулосаларини маълум қилди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Унинг қайд этишича, ўтказилган тиббий текширувлар натижасида ҳозиргача хасталик 16 минг нафардан зиёд беморда тасдиқланган. Аммо ҳақиқий эпидемиологик вазият бундан ҳам ёмонроқ бўлиши мумкин.

Чунки қатор мамлакатларда ушбу янги инфекцияга аниқ ташхис қўйиш имконияти чегараланган. Диагностик тестлар етишмовчилиги кузатиляпти. Табиийки, ана шундай шароитда тасдиқланмаган ҳолатлар статистикага киритилмайди.  

Тўғри, ҳозирча Европадан бошқа минтақаларда маймун чечагининг тарқалиш динамикаси юқори хавф даражасида эмас. Аммо ўз вақтида тегишли чоралар кўрилиб, эпидемия тезроқ жиловланмаса, хасталик кўлами ва асоратлари янада ошиб кетиши мумкин.  

Масалан, Конго Демократик Республикасида минглаб одамлар маймун чечаги аломатлари билан тиббиёт муассасаларига мурожаат қилган. Бироқ бу мамлакатда хасталикни аниқлашда қўлланиладиган махсус синамалалар ва бошқа тиббий ресурслар танқис.  

Шунга қарамай, тор қамровдаги текширувлар сўнгида юзлаб кишиларга бу хавфли касаллик ташхиси қўйилган. Хавотирли жиҳати, улардан 81 нафари 17 ёшгача бўлган болалардир. Асосий қатламни ташкил этувчи беморларнинг ўртача ёши эса 37 га тенг.  

ЖССТ вакилининг қайд этишича, эндиликда нафақат беморнинг ўзи, балки кийим-кечак, идиш-товоқ, чойшаб, сочиқ каби шахсий воситалар ҳам касаллик ташувчиси бўлиши эҳтимоли мавжуд.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1