Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмиталарининг қўшма мажлисида Молия вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармаси раҳбарининг соҳани ривожлантириш учун ажратилган маблағларнинг сарфланиши ҳолати тўғрисидаги ахбороти муҳокама этилди.
Қайд этилганидек, 2021 йилда республика бюджети маблағлари ҳисобидан йўл хўжалиги соҳасини ривожлантириш, яъни автомобиль йўллари соҳасидаги лойиҳаларни қуриш-таъмирлаш, эксплуатация қилиш ва йўл хўжалигидаги ташкилотларни сақлаш мақсадида 10,1 трлн сўм ажратилган.
Ҳудудий автомобиль йўлларини ривожлантириш жамғармаларининг 2021 йил якунлари бўйича умумий тушумлари 4 276,8 млрд сўмни ташкил этган бўлиб, шундан 2021 йилда 4 049,0 млрд сўм маблағ сарфланган.
2022 йилда 7,8 трлн сўм ажратилиши назарда тутилган. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ажратилган маблағлар 3 194,0 млрд сўми ёки йиллик режага нисбатан 41 фоиз ўзлаштирилган.
Ҳудудий автомобиль йўлларини ривожлантириш жамғармаларининг 2022 йил биринчи ярим йилликдаги умумий тушумлари 1 846,9 млрд сўмни ва харажатлари 820,9 млрд сўмни ташкил этди.
Ажратилган маблағлар ҳисобига ҳисобот даврида 3 317,6 км дан ортиқ умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ва 17 382 км дан ортиқ ички йўлларда қуриш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган.
Шу билан бирга, Молия вазирлиги, Бош прокуратура ва Ҳисоб палатаси томонидан тақдим этилган маълумотлар таҳлилига, мамлакатимизда йўл хўжалиги соҳасига ажратилган маблағларни сарфлашда қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекциясининг 2021-2022 йилларда йўл хўжалиги лойиҳаларида амалга оширилган қуриш-таъмирлаш ишларини ўрганишлари кўрсатганидек, 45 та ҳолатда 34 575,2 млрд сўмлик маблағлар самарасиз ва ноқонуний сарфланган.
Шундан 2022 йил иккинчи чорак якуни бўйича жами 23 177,4 млрд сўмлик қурилиш-монтаж ишлари қонунга зид равишда сарфланган.
Бундан ташқари, Бош прокуратура томонидан олинган маълумотларга кўра, 2021 йил ва жорий йилнинг биринчи ярмида прокуратура органлари ҳудудий жамғармаларда жами 20 та текшириш ўтказиб, назорат тадбирларида аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 6 та тақдимнома киритилган, 12 нафар мансабдор шахсга огоҳлантириш эълон қилинган, 11 нафар шахс интизомий ва 21 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 12 та жиноят ишлари қўзғатилган.
Мисол учун, Наманган вилояти Поп туманидаги 4Р-125 “Ғурумсарой - Хонобод - Чодак - Гулистон” автомобиль йўлининг 10–37 км қисмида лойиҳа қиймати 3 млрд сўмлик капитал таъмирлаш ишларини бажаришда “Наманган кўприклардан фойдаланиш” УК мансабдор шахслари томонидан ҳақиқатда бажарилмаган 2,5 млрд сўмлик иш ҳажмини ҳисоботларга қўшиб ёзиш орқали жамғарма маблағларини талон-торож қилингани аниқланган.
Таъкидланишича, муҳокама якунида қайд этилган муаммоларни бартараф этиш юзасидан мутасадди вазирлик ва идораларга кўрсатмалар берилди ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмиталарининг қўшма қарори қабул қилинди.