Маълумки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан Конституцияга ўзгартиришлар киритишга оид қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси муддатини яна 15 кунга, яъни 1 августга қадар узайтириш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Бугунги Конституциявий қонун лойиҳасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатловчи кўпгина қоидалар киритилмоқда. Шулар орасида кўпчиликнинг диққатини ўзига қаратгани - инсоннинг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи билан боғлиқ прописка масаласи. Хўш, прописка билан боғлиқ конституциявий ўзгартишнинг зарурияти ва моҳияти нимадан иборат?
Ушбу саволга Ички ишлар вазирлиги бўлим бошлиғи Соҳибжамол Джолдасова қуйидагича жавоб берди:
" – 2018-2020 йилларгача мавжуд бўлган прописка тизими шахсларнинг бошқа ҳуқуқларини чеклаб қўйди. Масалан, меҳнат қилиш ҳуқуқи шу тизим билан боғлаб қўйилди. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда мавжуд бўлган вақтинча ёки доимий рўйхатдан ўтмасдан ёки турган жойи бўйича ҳисобга турмасдан яшаб турган фуқарони ишга қабул қилгани учун иш берувчи маъмурий жавобгарликка тортилган, яъни жарима тўлаган.
Банк хизматларидан фойдаланишда ҳам прописка тизимига боғлаб қўйилган. Хусусан, қарз, ипотека, валюта айирбошлаш хизмалари шахснинг пропискасига боғлаб қўйилди. Ушбу тизимнинг мавжудлиги қатор коррупциоген ҳолатларни ҳам келтириб чиқаргани, ҳеч кимга сир эмас.
Сўнгги беш йилда "Ҳаракатлар стратегияси" доирасида амалга оширилган ислоҳотларга назар соладиган бўлсак, қатор соҳалар ислоҳ қилинди. Паспорт ва прописка тизими тубдан такомиллаштирилди. Шунингдек, ушбу тизимга ахборот технологияларини чуқур кириб бориши натижасида айрим хизматларнинг давлат хизматлари маркази ёки электрон платформа орқали амалга оширилиши коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этилишига замин яратди.
Эндиликда бу чекловчи нормаларни яна такрорланмаслиги учун конституциявий кафолатлаш муҳим ҳисобланади", – дейди С.Джолдасова.






