Тирикчилик, бола-чақа, орзу-ҳавас деймиз... Бу йўлдаги умргузаронлик турфа хил. Улардан бири мусофирчиликнинг қаттиқ нони бўлади.
Ватандан йироқ қоракўзларга асло осонмас. Бекитиб нима қилдик, хўрланган, ҳақ-қуқуқи поймол, иззат-нафси йўқ, номуси топталган юртдошларимиз тўғрисидаги хабарларга кунда-кунора кўз тушади. Чет элга саёҳат ёхуд даволаниш илинжида кетиб ҳам мушкулотларга рўбарў бўлиш ҳеч гап эмас.
Ўзга юртлардаги фуқароларимиз давлат кўмаги-ю–дастагига худди шу ҳолатларда муҳтож бўлади. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан бу борадаги саъй-ҳаракатлар фаол олиб борилаётган бўлсада, янгиланаётган Қомусда мазкур модданинг (22-мода) қатъий битиб қўйилиши олис юртдаги ҳар бир мусофир ватандош учун паноҳ ва нажотдир аслида.
Конституциянинг 22-моддасида олис юртлардаги мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ўзгартириш киритилмоқда.
"Ўзбекистон фуқароси Ўзбекистондан ташқарига чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга берилиши мумкин эмас. Давлат хорижда яшаётган фуқаролар ва ватандошлар билан алоқаларнинг сақлаб қолиниши ҳамда ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилади",-дейилади унда.






