Интернет ижтимоий тармоқларида “Қизни боққа олиб борган ўқитувчиси нима қилганини кўринг...” сарлавҳали видеохабар тарқалди.
Унда Фарғонадаги мактабларнинг бирида ўқитувчининг назоратида паркга борган 4-синф ўқувчиси аттракцион тегиб кетиши натижасида ҳушини йўқотганлиги, ўқитувчи эса бунга нисбатан ҳеч қандай чора кўрмаганлиги айтилади.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизматининг маълум қилишича, 2022 йил 27 май куни Қува тумани, Тошкент МФЙ, Навоий кўчаси 91 уйда яшовчи, тумандаги 9-умумий ўрта таълим мактабининг 4-синф ўқувчиси, вояга етмаган С.Х синфдошлари билан синф раҳбари И.З бошчилигида Фарғона шаҳридаги Аҳмад Ал-Фарғоний номидаги марказий истироҳат боғига ўйнагани боради. Ўша пайт истироҳат боғидаги арғумчоқли қайиқнинг чети С.Х нинг бошига тегиб кетиб тан жароҳати олган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қува тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳакаратлари олиб борилмоқда. С.Х нинг олган тан жароҳати даражасини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланган.






