АсосийJamiyat

Владимир Норов Корея Республикаси Миллий Ассамблеянинг делегацияси билан учрашди

'Владимир Норов Корея Республикаси Миллий Ассамблеянинг делегацияси билан учрашди'ning rasmi

Бугун Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов "Корея-Ўзбекистон" парламент Дўстлик уюшмаси раиси Пак Кванг Он бошчилигидаги Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси делегацияси билан учрашди.

Ташқи ишлар вазирлигининг маълумотига кўра, мулоқот чоғида Жанубий Корея парламенти вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи очиқлик, ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган икки томонлама дўстлик ва махсус стратегик шериклик муносабатларининг кенгайиб, мустаҳкамланиб бораётганидан яна бир бор далолат бериши қайд этилди.

Пак Кванг Он Корея Республикаси Янги Ўзбекистондаги кенг кўламли ўзгаришлар, жумладан, мамлакатнинг Асосий қонунини ислоҳ қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар жараёнини қатъий қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Миллий Ассамблеянинг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2021 йил декабрь ойида Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифи якунида эришилган келишувлар ижросига кўмаклашишга тайёрлиги таъкидланди.

Турли даражадаги, жумладан, "Марказий Осиё + Корея Республикаси" шаклидаги бўлажак тадбирлар жадвали бўйича фикр алмашилди.

Рақамлаштириш ва электрон ҳукумат соҳаларида ҳамкорликни жадаллаштириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали иқтисодий дипломатияни фаол ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Пак Кванг Оннинг таъкидлашича, Ўзбекистон Корея Республикаси учун инвестиция киритиш, биргаликда ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва бизнес юритиш нуқтайи назаридан жозибадор мамлакат бўлиб қолмоқда.

    Бошқа янгиликлар