Ўзбекистон Бош консуллиги Олмаотада оғир аҳволга тушиб қолган ватандошларнинг эсон-омон ватанига қайтишига кўмаклашди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг 3 нафар фуқароси меҳнатдан фойдаланиш мақсадида мажбуран ушлаб турилган 10 нафар ватандошимизни қутқаришда ёрдам сўраб мамлакатимиз Бош консуллигига мурожаат қилган.
Мурожаатчиларнинг айтишича, бир гуруҳ маҳаллий аҳоли уларни зўравонлик билан қўрқитиб, шахсий уйида сақлаган, шахсий буюмлари ва уяли телефонларини олиб қўйган.
Бош консуллик ходимлари Олмаота шаҳар ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари билан биргаликда Ўзбекистон фуқаролари жойлашган жойга боришди, шундан сўнг фуқаролар Бўстондиқ туман ИИБга олиб кетилди. Жиноятчиларга нисбатан Қозоғистон Жиноят кодексининг 389-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
“Родник” жамоат фонди билан биргаликда фуқаролар 3 маҳал овқатланадиган ётоқхонага жойлаштирилди. Тергов тадбирлари ўтказилиб, Ўзбекистон фуқароларига миллий паспортлари ва шахсий буюмлари қайтарилгач, 1 август куни барча фуқаролар Олмаота-Тошкент йўналишидаги автовокзалга кузатиб қўйилди. Фуқаролар Ўзбекистонга эсон-омон етиб келишган.