Sevimli

Эрдўғон Путин билан музокара ўтказиш учун Сочига учиб кетди (видео)

ДУНЁ 05.08.2022, 17:24
Эрдўғон Путин билан музокара ўтказиш учун Сочига учиб кетди (видео)

Туркия ОАВлари айни пайтда Эрдўғон Путин билан музокара ўтказиш учун Сочига учиб кетганлиги хақидаги хабарларни тарқатди. Туркия президентига, хусусан, Ташқи ишлар, Мудофаа ва Миллий разведка вазирлиги раҳбарлари ҳамроҳлик қилмоқда.

 INTERFAX.RUнинг маълум қилишича, икки давлат раҳбарилари ўртасидаги музокаралар кун тартибида минтақавий муаммолар – Украина ва Сурия атрофидаги вазият, икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик мавзуси, жумладан, энергетика лойиҳалари, ҳарбий-техникавий ҳамкорлик масалалари бўлади.

“Музокаралар икки томонлама ҳамкорлик масалаларига бағишланади – бу биринчи навбатда иқтисодиёт, минтақавий муаммолар муҳокамаси – бу Сурия ва Украина”, - деган Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга.

Унинг қўшимча қилишича, икки президентнинг учрашуви Украина портларидан ғалла экспорт қилиш механизми самарадорлиги бўйича “соатларни синхронлаштириш” учун яхши имконият бўлади.

Унинг сўзларига кўра, Одессадан ғалла билан биринчи рейс қандай ўтгани ҳақида фикр алмашилади.

Эслатиб ўтамиз, 22 июль куни Истанбулда Қора денгизда Украина донини экспорт қилиш учун йўлак яратиш бўйича ҳужжатлар имзоланди. Шу билан бирга, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти АҚШ ва Европа Иттифоқи билан Россия донини чет элга экспорт қилишни чеклаш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш мажбуриятини олди.

Бундан ташқари, Кремл Путин ва Эрдўғон икки томонлама ҳарбий-техник ҳамкорлик мавзусини кўтаришини истисно этмади. Россия Федерацияси президенти матбуот котибининг айтишича, Путин ва Эрдўғон ўртасидаги сўнгги учрашувларда ҳарбий-техник ҳамкорлик мавзуси кўриб чиқилган. 

"Қоидага кўра, деярли ҳар бир учрашувда турли жиҳатлар (ҳарбий-техник ҳамкорлик) муҳокама қилинади. Шунинг учун ҳам Сочида ҳарбий-техник ҳамкорлик мавзуси албатта муҳокама қилинади", - деди Кремл матбуот котиби. 

Кремл, шунингдек, Россия Федерацияси ва Туркия президентлари ўртасидаги учрашув кун тартибига сўнгги кунларда авж олган Қорабоғ можароси мавзуси ҳам киритилишини кутмоқда. “Президентлар бу кескинлашув муносабати билан фикр алмашишларини инкор этиб бўлмайди”, — деди Песков.

Россия ва Туркия президентларининг сўнгги учрашувидан буён ярим ойдан кам вақт ўтди. 19 июль куни иккаласи ҳам Сурия бўйича “Остона учлиги” саммитида иштирок этиб, унинг доирасида икки томонлама учрашув ҳам ўтказишган эди.

Шарҳлар