Sevimli

Энди адвокатлар ҳам суд-экспертизаси тайинлаш ҳуқуқига эга бўлди

ЖАМИЯТ 05.08.2022, 20:13
Энди адвокатлар ҳам суд-экспертизаси тайинлаш ҳуқуқига эга бўлди

Жорий йилнинг 3 август куни қабул қилинган Қонунга кўра, адвокатлар касбий фаолиятини амалга ошириш давомида бир қанча ҳуқуқларга эга бўлди.

Жумладан, иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий иш юритилаётганда ишни суд муҳокамасига тайёрлаш чоғида ёки суд муҳокамаси жараёнида давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан шартнома асосида ишонч билдирувчи шахс розилиги билан экспертиза ўтказилишини сўраш, шунингдек, экспертиза хулосаси иш материалларига қўшиб қўйилишини ва суд томонидан ушбу хулоса ишдаги мавжуд далиллар билан биргаликда баҳоланишини талаб қилиш ҳуқуқи шулар жумласидан.

Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Таъкидланишича, адвокат томонидан тайинланадиган суд экспертизанинг афзаллиги шундаки, бунда адвокат шахсан ҳал этилиши лозим деб топган саволларни экспертлар олдига қўйиш ва ушбу саволлар асосида хулоса олиш имкониятига эга бўлади. Бу эса, судда тортишув институти тамойилининг тўлақонли амалга оширилиши орқали одил судловни янада таъминлашга асос бўлиб хизмат қилади.

Шу билан бирга, Қонун билан нодавлат суд экспертиза институти фаолиятининг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди, процессуал қонунчилик ҳужжатларида нодавлат суд-экспертларининг суд иш юритувидаги иштироки ҳамда уларнинг ваколатини белгилаш мақсадида Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий суд ишларини юритишда эксперт сифатида нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг эксперти ҳам иштирок этиши, суд ҳамда адвокатлар давлат суд-экспертиза муассасалари билан бир қаторда нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига ҳам экспертизалар тайинлаши мумкинлиги белгиланди.

Бу эса суд экспертизасини ўтказишда томонлар учун муқобил суд экспертиза ташкилотларига мурожаат қилиш имкониятини яратиш билан бирга нодавлат суд экспертиза ташкилотлари ҳамда давлат суд-экспертиза муассасалари ўртасидаги соғлом рақобатни шакллантиришга ёрдам беради.

Шарҳлар