Самарқандда фуқаронинг уйига келган меҳмонлар ўртасида кўтарилган жанжал оқибатда бир киши вафот этди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.
Фожеа жорий йилнинг 19 июнь куни Оқдарё тумани Пичоқчи маҳалласида яшовчи фуқаро А.нинг уйида содир бўлган. Унинг хонадонга келган меҳмонлар Ш. ва А. ўртасида келишмовчилик сабаб жанжал чиққан.
Таъкидланишича, фуқаро Ш.нинг бош соҳаси ва қорнига берилган кучли зарба сабаб унинг соғлиғи оғирлашган. Пастдарғом тумани тиббиёт бирлашмасида шифокорлар кўрсатган тиббий ёрдамга қарамай, у вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми “д” бандига асосан жиноят иши қўзғатилган.






