Россиянинг Перм шаҳридаги ўзбек диаспораси раҳбари шахсан ўз ватандошларини Украинадаги урушга жалб қилаётгани тўғрисида хабар берилганди. Айни пайтда Ўзбекистоннинг Россияда элчихонаси ватандошларга бу борада огоҳлантириш билан чиқди.
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ватандошларни хорижий давлатлар ҳудудида кўнгилли батальонлар тузиш ва/ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишдан огоҳлантиради, бу ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Дипломатик ваколатхонанинг маълум қилишича, Жиноят кодексининг 154-моддаси (ёлланиш)га кўра хорижий давлат ҳудудидаги қуролли можароларда ёки ҳарбий ҳаракатларда қонунга хилоф равишда қатнашиш жиноят ҳисобланади. Ушбу ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарлик 10 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.
Элчихона Ўзбекистон Жиноят кодексининг юқоридаги моддасида назарда тутилган қонунга хилоф ҳаракатларни содир этганги тўғрисида холис маълумотлар мавжуд бўлган барча шахслар истисносиз жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида Ўзбекистон фуқароларини огоҳлантиради.
"Элчихона юртдошларимизни даъватларга берилмаслик ва эҳтиёткор бўлишга чақиради", - дейилади хабарда.






