Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Шайхонтоҳур туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИББ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, ўқишга киритиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилди.
Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг кабинет мудири вазифасида ишловчи С.М. фуқаро Ш.ни юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали университетнинг 2-мутахассислигига ўқишга киритиб қўйиши эвазига 3 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, Андижон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Ш.А. фуқаро Д.ни юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Андижон давлат университетининг сиртқи бўлимига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Департаментнинг Янгиариқ туман бўлими томонидан ДХХнинг Хоразм вилоят бошқармаси билан ўтказилган тезкор тадбирда эса, фуқаро С.И. бошқа бир фуқаро З.ни танишлари орқали Урганч давлат университетига ўқишга киритиб қўйиши эвазига 2 300 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.






