Тошкентдаги истироҳат боғларидан бирида сураткаш бошқа бир ҳамкасбини пичоқлаб қўйди. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 6 август куни кечқурун истироҳат боғида фаолият юритаётган икки сураткаш ўртасида жанжал юз берган. Оқибатда Қашқадарё вилоятида истиқомат қилувчи 20 ёшли фуқаро Ш.Д. ҳамкасби 25 ёшли Ҳ. К. га ўткир тиғли ошхона пичоғи билан жароҳат етказган.
Воқеа жойига етиб келган Ички ишлар органи ходимларига фуқаро Ш.Д томонидан қаттиқ қаршилик кўрсатилган. Шундан сўнг, ходимлар Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларини ёрдамга чақирган ва фуқаро қўлга олинган.
Жароҳатланган фуқаро Ҳ.К. га тиббий ёрдам кўрсатилган ва ҳозирда унинг саломатлиги қониқарли.
Ҳуқуқбузар Ш.Д га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- (майда безорилик) ва 194-моддалари (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) моддалари бўйича жазо тури қўлланилган.