Сал аввал Қашқадарёда "Ёшлар туризми" қурултойига старт берилгани ҳақида хабар берган эдик.
Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкиллаштирилган Ёшлар туризми қурултойи ўз ниҳоясига етди.
8 август куни бошланган қурултой доирасида бир қатор ўйинлар, китобхонлик, маҳорат дарслари, миллий ва этноспорт турлари бўйича спорт мусобақалари, маданий кўнгилочар тадбирлар, учрашувлар, гала-концерт ва бошқа тадбирлар ўтказилди.
Якунда ғолиб жамоалар аниқланди, дея маълум қилмоқда вазирилик.


Хусусан, "Энг яхши туризм лойиҳаси" танловида самарқандлик Меҳрож Исаев биринчи ўринга лойиқ кўрилган бўлса, хоразмлик Чарос Фозилова иккинчи ўринни, қашқадарёлик Азима Муродова эса учинчи ўринни қўлга киритди.
Шунингдек, "Қадрият, урф-одат" танловида Хоразм вилояти 1-ўринни, Фарғона вилояти 2-ўринни, Наманган вилояти эса 3-ўринни;
"Энг намунали гуруҳ" танловида Қорақалпоғистон Республикаси 1-ўринни, Навоий вилояти 2-ўринни, Бухоро вилояти эса 3-ўринни;
"Заковат" беллашувида Қорақалпоғистон 1-ўринни, Қашқадарё вилояти 2-ўринни, Фарғона вилояти эса 3-ўринни;
"Туризм спартакиадаси"да Сурхондарё вилояти 1-ўринни, Қашқадарё вилояти 2-ўринни, Қорақалпоғистон 3-ўринни;
"Туризм-квест" ўйинида Сурхондарё 1-ўринни, Тошкент шаҳри 2-ўринни, Бухоро вилояти эса 3-ўринни қўлга киритди.
Ғолибларга совринларни Туризм ва маданий мерос вазирлиги Оммавий тадбирларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Заррина Абдуллаева, Қашқадарё вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Алишер Зокиров, Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасанов, Шаҳрисабз шаҳар ҳокими Акром Сулаймонов ва журналист, блогер Амирхон Умаровлар топширгани айтилади. Шунингдек, бошқа вилоятлар ҳам ҳар бир йўналиш бўйича фаол иштирок учун рағбатлантирилган.



.jpg)

Маълум бўлишича, қурултойда чет давлатлардан ташриф буюрган ёшлар ҳам ўз иқтидорларини намойиш қилиб, ғолиблар қаторидан жой олишган.






