АрМИ-2022: ўзбекистонлик ҳарбийлар халқаро армия ўйинларининг икки босқичини муваффақиятли бошлади

ЖАМИЯТ 13.08.2022, 19:47
АрМИ-2022: ўзбекистонлик ҳарбийлар халқаро армия ўйинларининг икки босқичини муваффақиятли бошлади

Бугун, 13 август куни Россия Федерацияси Москва вилоятида жойлашган «Алабино» полигонида VIII Халқаро армия ўйинларининг «Танк биатлони» мусобақасига старт берилди. Мусобақанинг биринчи дивизиони яккалик пойга шартида Ўзбекистон танкчилари Вьетнам, Венесуэла ва Қозоғистон жамоаларининг биринчи экипаж аъзолари билан ўзаро беллашди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти маълум қилди.

Унда ўзбекистонлик ҳарбийлар қизил, вьетнамликлар кўк, Венесуэла жамоаси сариқ ва қозоғистонликлар яшил рангли танкларда ҳаракат олиб борди. Танк командири катта лейтенант Шаҳзод Мамадиёров, мўлжалга олувчи кичик сержант Ислом Собиров ва механик-ҳайдовчи катта сержант Каримжон Уриновдан иборат 1-экипажимиз мазкур жамоалар билан муносиб беллашди.

Мусобақанинг яккалик пойга шартига кўра, Т-72Б3 танкларида экипаж аъзолари турли тўсиқлардан ўтиб, белгиланган нишонларни яксон қилди. Шундай қилиб, Халқаро армия ўйинларининг энг жозибали ва қизиқарли йўналиши бўлмиш «Танк биатлони» мусобақасининг бугунги баҳси якуний натижаларига кўра, ўзбекистонлик танкчилар экипажи 25 дақиқаю 18 сонияда финишга етиб келди. Қозоғистон жамоаси финиш чизиғини 25 дақиқаю 57 сонияда, вьетнамликлар эса 34 дақиқаю 53 сонияда босиб ўтган бўлса, венесуэла 47 дақиқаю 05 сония натижани қайд этишди.

Маълумот учун, вакилларимиз ҳаракат олиб бораётган биринчи дивизионда жами 10 та жамоа биринчилик учун курашади, булар: Озарбайжон, Беларус, Вьетнам, Венесуэла, Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Мўғулистон ва Россия Федерацияси. Юртдошларимиз иштирокидаги кейинги баҳслар 16 август ва 20 август кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Шунингдек, бугун Марказий ҳарбий округининг «Фориш» тоғ полигонида «Дала ошхонаси» йўналишининг дастлабки босқичи, яъни «Отиш тайёргарлиги» баҳслари ўз якунига етди.

Унда Ўзбекистон, Тожикистон, Россия, Белорусия ҳамда Ветнам давлатларининг ҳарбий ошпазларидан иборат 5 та жамоалар иштирок этди. «Отиш тайёргарлиги» баҳсларининг шартларига кўра, ҳар бир жамоадан 6 нафар вакил иштирок этиб, 100 метр масофадаги нишонларга қарата 10 маротабадан ўқ узди.

Мусобақанинг ушбу босқичининг якунига кўра умумжамоа ҳисобида қиюдаги натижалар қайд этилди:

1. Ўзбекистон — 92,8 балл;

2. Ветнам — 83,5 балл;

3. Россия— 72,2 балл;

4. Беларус — 71,5 балл;

5. Тожикистон — 62,0 балл.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1