Россиянинг ПРОМРЕЙТИНГ агентлиги турли давлатларнинг ички бозор ва миллий ишлаб чиқаришини ривожлантиришга кўмак берадиган чора-тадбирларини таҳлил қилиб чиқди.
Унда МДҲ мамлакатларида автомобиль маҳсулотларининг импорт ва экспорти учун божхона тўловлари билан боғлиқ ҳолатларга батафсил тўхталиб ўтди.
Агентлик Ўзбекистон ҳукуматининг янги импорт қилинадиган автомобиллар учун импорт ставкаларини икки бараварга (30 фоиздан 15 фоизга) қисқартириш тўғрисидаги қарорини қуйидагича шарҳлаган.
“Бозорга таьсир нуқтаи назаридан ставкаларнинг камайтирилиши тез натижа беради”, – дея таъкидланади унда.
ПРОМРЕЙТИНГ ўзининг тадқиқотларида 2022 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда автомобиллар импорти 2021 йилнинг айнан шу даврига нисбатан қарийб 2 баробар ошганини ва 2022 йилнинг дастлабки 6 ойида умумий қиймати 395,9 млн доллар бўлган 16 308 дона автомобиль импорт қилинганини қўшимча қилади.
Агентлик импорт учун божхона божлари икки типга бўлинишини тушунтиради, яьни фиксал ва протекционистик.
Биринчи ҳолат - бу маҳсулот нархининг 25 фоизигача бўлган ставка, мақсад давлат бюджетини тўлдириш.
Иккинчи ҳолат - 25 ва ундан юқори бўлган ставка бўлиб, вазифаси маҳаллий ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва ҳимоя қилишдир. Таърифларни тартибга солиш миллий автосаноатни сақлаб қолиш ва ривожлантиришнинг энг самарали усулларидан биридир. Қоидага кўра, протекционизм чораларга фақат ўз автомобиль саноатини ривожлантирадиган давлатларгина мурожаат қилишади.
Рақобатбардош саноати аллақачон шаклланган давлатлар эса фискал (молиявий) тарифларга ўтмоқда. Шу ўринда таькидлаш жоизки, бож масаласи давлатнинг Жаҳон савдо ташкилотида иштирок этиш шартларига ҳам боғлиқ. Масалан, Россия Жаҳон савдо ташкилотига 2012 йилда аьзо бўлганида автомобиллар учун божхона тўсиғини босқичма-босқич пасайтириб, нархнинг 15 фоизигача тушириш мажбуриятини олган эди. Унгача Россия Федерациясида кўп йиллар давомида 25%ли бож амал қилар эди.
Очиқ манбалардан олинган маьлумотларга кўра, 2021 йилда дунёдаги энг йирик янги автомобиль экспортчилари қуйидаги давлатлар бўлган: Германия (ташқи бозорларга етказиб берилган автомобилларнинг умумий қиймати 139,1 миллиард доллар), Япония (85,6 млрд доллар), АҚШ (54,7 млрд доллар), Жанубий Кореа (44,3 млрд доллар), Мексика (39,9 млрд доллар). 2021 йилда дунеда янги автомобилларнинг энг йирик импортчиси АҚШ бўлди (ушбу мамлакатга 148,1 миллиард долларлик автомобиль етказиб берилди), Германия (66,8 млрд доллар), Хитой (48,8 млрд доллар), Франция (40,2 млрд доллар), Буюк Британия (35,8 млрд доллар). Шуни таькидлаш керакки, Германия ва АҚШ энг йирик импортчи ва экспортчи давлатлар рўйхатидан ўрин олган.
Дунёнинг бир қанча мамлакатларида божхона тўловларининг нол фоиз ставкалари амал қилади, шу жумладан, Гонконг, Швецария ва Япония. Эьтибор беринг, биринчи икки мамлакатнинг ўз автосаноати йўқ, учинчисида эса дунёдаги энг кучли автосаноатлардан бири мавжуд бўлиб, улар ҳеч қандай очиқ рақобатдан қўрқмайди.
Бундан ташқари, кунчиқар мамлакатнинг Токио ва бошқа йирик шаҳарларида сотиб олган шахсий ёки ижарага олинган автомобилни тўхташ жойи билан олдиндан таьминламаган бўлсангиз машинангизни рўйхатдан ўтказа олмайсиз.
Ўзбекистон узоқ вақт давомида миллий автомобиль ишлаб чиқарувчи UzAuto Motors компаниясини ривожлантириш мақсадида божхона тўсиқлари бўйича протекционизм сиёсатига амал қилган. Ҳозирда эса UzAuto оёққа туриб олган ва устунлик ўзгарган: энди Ўзбекистон ҳокимият органлари учун асосийси - мамлакат автомобиль бозорини тўлдириш (талаб таклифдан жиддий ошиб кетган ) ва миллий авто ишлаб чиқарувчи “ўз ёғида қовирилмаслиги”учун рақобат муҳитини яратишдир.
Ушбу нашр хулосасида икки қўшни давлат - Ўзбекистон ва Россиядаги автомобиллар учун импорт божлари тенг, яьни 15 фоиз бўлган автобозорларни солиштириш туради. Шу билан бирга уларда ҳозирги вақтда ривожланишнинг бутунлай бошқа йўллари кузатилмоқда. Россиянинг энг йирик енгил автомобиль ишлаб чиқарувчиси бўлган АВТОВАЗнинг конфигурацияси “камбағаллашиб”, моделлар қатори қисқармоқда. Ўзбекистон автомобиль компанияси UzAuto Motors, аксинча, бозорга янги моделларни киритиб ишлаб чиқаришни кенгайтирмоқда.