1

Тошкентда МЧЖ раҳбарини қамоқ жазоси билан қўрқитиб, ундан 50 000 доллар талаб қилган терговчига суд ҳукми ўқилди

ЖИНОЯТ 16.08.2022, 23:12
Тошкентда МЧЖ раҳбарини қамоқ жазоси билан қўрқитиб, ундан 50 000 доллар талаб қилган терговчига суд ҳукми ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида судья Анвар Икромовнинг раислигида 1983 йилда туғилган илгари Учтепа туман прокуратурасида терговчи лавозимида ишлаган шахсга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.

Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати жараён тафсилотлари ҳақида darakchi.uz'га хабар берди.

Маълум қилинишича, судланувчи 2019 йилнинг августидан Учтепа туман прокуратураси терговчиси лавозимида ишлаб келган. 

Эгаллаб турган лавозимига кўра, мансабдор шахс бўла туриб, бевосита ўзига юклатилган хизмат вазифаларидан келиб чиқиб, ўз фаолиятини қонун ҳужжатлари доирасида амалга ошириб, қонуний, асосли ва адолатли қарорлар қабул қилиш кирсада, иш юритувидаги Тошкент шаҳар прокурорининг 08.04.2022 йил кунидаги розилиги билан Департаментнинг Учтепа тумани бўлими томонидан МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан ЖК 184-моддасининг 3-қисми ва 189-моддасининг 1-қисми билан қўзғатилган жиноят иши бўйича жорий йилнинг 9 апрель кунидан дастлабки тергов ҳаракатларини олиб борган. 

У МЧЖнинг ягона таъсисчиси ва раҳбари ҳамда жамиятнинг ҳуқуқшуносини бир неча маротаба Учтепа тумани прокуратурасига чақиртирган. Уларга жиноят иши бўйича жамиятнинг молиявий-хўжалик фаолияти бўйича аниқланган 1 186 612 773 сўмлик қўшимча қиймати солиғи ва 859 868 334 сўмлик фойда солиғини жами 2 046 481 107 сўм миқдордаги зарарларни тўланмаган тақдирда, иш бўйича жамиятнинг раҳбарини айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилишни, содир этилган жинояти унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига кирса-да, унда беш йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланганини айтиб, жамиятнинг ҳуқуқшуноси орқали 50 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни беришни бир неча маротаба талаб қилган.

Терговчи 29 апрель куни, соат 12:30 ларда, ДХХ Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, олдиндан кимёвий ишлов берилган 50 000 АҚШ долларини олганидан сўнг тезкор ходимлар томонидан ушланган.

Суд-дактилоскопик экспертизасининг хулосасига кўра, оқ-ҳаво рангли полиэтилен пакетда судланувчининг чап қўл катта бармоғининг изи борлиги аниқланган.

Суд мажлисида судланувчи тариқасида сўроқ қилинган судланувчи унга эълон қилинган айбга қисман иқрорлик билдиргани айтилади. 

Суднинг ҳукмига кўра, судланувчи Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 3-қисмининг "а" бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ва ЖКнинг 45-моддасига асосан 3 йил муддатга мансабдорлик лавозимларида ва прокуратура идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1