Қашқадарёда йигитлар ўртасидаги жанжал ўлим билан якунлангани ҳақида хабар берган эдик.
Журналистик суриштирувга кўра, ушбу жанжалда 22 ёшли йигит унаштирилган қизи билан учрашувга чиққанида, қизнинг синфдошлари томонидан ваҳшийларча калтаклаб, ўлдирилгани маълум бўлди.
Маълум қилинишича, ваҳший қотиллик жорий йилнинг 12 август куни тахминан соат 1:30 лар атрофида Чироқчи туманида содир бўлган.
“Галабек” МФЙда яшовчи Ҳ.О. исмли йигит қўшни қишлоққа унаштирилган қизи билаш учрашишга борган. Учрашувдан қайтаётганда шу қишлоқлик йигитлар уни уриб, жиддий жароҳат етказишади. Натижада жабрланувчи Ҳ.О. Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмаси шифохонасига ётқизилган. Шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай олган тан жароҳатлари сабабли Ҳ.О. вафот этган.
Вилояти ИИБ матбуот хизмати ҳолат юзасидан 2022 йил 12 август куни Чироқчи туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаролар А.М. ва Қ.М.ларга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” банди билан айблов эълон қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят просесуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланганлигини маълум қилган.
Аммо гувоҳлар жанжалда икки киши эмас, 20 га яқин йигитлар иштирок этганлигига қарамай, улар жазодан четда қолаётганлигини таъкидлашмоқда.