Тошкент аэропортининг маҳаллий ва халқаро авиақатнов терминаллари ўртасида автобус қатнови йўлга қўйилди.
UzPort стикерли автобус ҳар куни соат 05.00 дан 23.30 гача хизмат кўрсатади. Бу ҳақда "Uzbekistan Airports" хабар бермоқда.
"Биз йўловчилардан терминалларни бир-бирига боғлаш билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар олдик. Улар айрим ҳолларда терминаллардни адаштириб, нотўғри терминалга келишади. Шаҳардаги терминаллар орасидаги масофа тахминан 4 км. Тезкор усул — таксидан фойдаланиш, аммо такси нархи ҳар доим ҳам барча тоифадаги фуқаролар учун мақбул эмас. Ушбу вазиятни инобатга олган ҳолда, Uzbekistan Airports терминаллараро қатновчи автобусни тест режимида йўлга қўйишга қарор қилди", — дейди бошқарув компанияси матбуот хизмати.
Эслатиб ўтамиз, терминаллараро транспорт ҳар ярим соатда жадвалга мувофиқ ҳаракатланади. Халқаро авиакоқатновлар терминалида автобус жўнаб кетиш зали ёнидаги тўхташ жойида автобуслар учун ажратилган йўлак бўйлаб ҳаракатланади, маҳаллий терминалда эса кириш эшиги ёнигача боради. Автобус хизматларидан ҳамма барча ҳоҳловчилар мутлақо бепул фойдаланиши мумкин.






