Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида 2022 йилнинг шу даврига қадар куйдиргига чалинганликда гумонланган 10 кишининг 1 нафарида касаллик тасдиқлангани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Холат юзасидан Санэпидхизмати расмий муносабат билдирди:
"Тошкент шаҳрида жорий йилнинг 1-20 август кунлари “Куйдирги касаллигини табиий ўчоқларидан келиб чиқиши ва тарқалишини олдини олиш” мавзусида кўргазмали махсус-тактик ўқув машқи ўтказиш режалаштирилган. Ушбу буйруқнинг ижросини таъминлаш мақсадида 2022 йилнинг 16 август куни СЭО ва ЖСХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва туман бўлимлари, Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Тошкент шаҳар ССББ ва шаҳар ветеринария бошқармаси билан ҳамкорликда Учтепа туманининг 26-сонли оилавий поликлиника қошида Тошкент шаҳар ДПМлари тиббиёт ходимлари ва санитария эпидемиология хизмати мутахассисларини куйдирги касаллиги бўйича билим савияси ва амалий кўникмаларини ошириш мақсадида кўргазмали махсус тактик ўқув машқи ўтказилди. Ушбу ўқув машқида 81 нафардан ортиқ соҳа мутахассислари қатнашди. Уларга куйдирги касаллигининг олдини олиш юзасидан эслатмалар тарқатилган" дейилади хабарда.
Маълум бўлишича, 18 август куни “Ёшлар” телеканалининг “Янги давр” информацион дастурида ҳам ушбу тактик-ўқув машқи юзасидан лавҳа намойиш этилган. Лавҳада соҳа мутахассиси томонидан берилган интервьюда куйдирги касаллигининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлари ва шаҳардаги эпидемик вазият юзасидан маълумот берилган.
Мазкур маълумот ўқув-тактик машғулот учун берилганлигини, жорий йилда Тошкент шаҳрида куйдирги касаллиги қайд этилмаганлигини маълум қилинди.






