Кеча, 19 август куни Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан “ШҲТга аъзо давлатлар пойтахтидан Самарқанд шаҳрига ҳаракатланувчи автосаёҳат” лойиҳаси ва унинг доирасидаги “XV халқаро off road фестивали” якунлари бўйича матбуот анжумани ташкил этилди. Бу ҳақда Darakchi.uz мухбири хабар бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 9 августдаги №31-31/1-1813-сон билан тасдиқланган “ШҲТга аъзо давлатлар пойтахтидан Самарқанд шаҳрига ҳаракатланувчи автосаёҳат” лойиҳаси ва унинг доирасидаги “XV халқаро off road фестивалини юқори савияда ўтказишга тайёргарлик кўриш тўғрисида”ги 74-сонли баёнига мувофиқ, Туризм ва маданий мерос вазирлиги ташаббуси билан “Покатушки клуб Узбекистан” жамоаси томонидан Тошкент ва Самарқанд вилоятлари ҳокимликлар билан ҳамкорликда жорий йилнинг 10–20 август кунлари “ШҲТга аъзо давлатлар пойтахтидан Самарқанд шаҳрига ҳаракатланувчи автосаёҳат” лойиҳаси ва унинг доирасида “XV халқаро off road фестивали ташкил этилди.
Ушбу тадбирларда иштирок этиш учун ШҲТга аъзо давлатлардан Россия Федерацияси, Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Монголия ҳамда МДҲга аъзо давлатларидан Озарбайжан, Грузия ва Арманистон Республикаларидан 800 га яқин иштирокчилар (200 га яқин йўл танламас автомобиллар ва 10 дан зиёд маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари ва блоггерлар ҳамда 500 га яқин тадбир меҳмонлари ва томошабинлар) ташрифи амалга оширилиб, иштироки таъминланди.
Тадбирда айтилишича, лойиҳа доирасида:
- 4Р6-автомобиль йўли бўйлаб (Чимён-Билдирсой-Ғазалкент-Чорвоқ-Юсупхона-Чимён) автомобиллар паради;
- “XV халқаро off road фестивали”ги бағишланган анжуман;
- йўл танламас автомобиллар ўртасида беллашувлар ва турнирлар,;
- “Джип триал” ва “GPS йўналиши” бўйича мусобақалар, тадбир иштирокчилари ўртасида спорт мусобақалари, “team building” маҳорат дарслари ташкил этилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 14-15 август кунлари мамлакат бўйлаб саёҳат экспедициялари ҳамда “ШҲТга аъзо давлатлар пойтахтидан Самарқанд шаҳрига ҳаракатланувчи автосаёҳат” лойиҳаси юқори савияда ташкил этилди. Автосаёҳат лойиҳасига 30 дан зиёд Россия Федерацияси, Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Монголия Озарбайжан ва Грузия давлатлари вакиллари кенг жалб этилди. Самарқанд шаҳрига ҳаракатланувчи автосаёҳат лойиҳаси доирасида лойиҳа иштирокчилари Самарқанд шаҳридаги Регистон мажмуасида тантанали кутиб олинди, шу билан бирга, Регистон мажмуасидаги Улуғбек мадрасасида Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда Самарқанд вилояти Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси раҳбарияти иштирокида анжуман ташкил этилиб, автосаёҳат лойиҳаси иштирокчилари томонидан мазкур лойиҳа ҳақида фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Маълумот учун, Халқаро офф-роад фестивали – джип туризм ихлосмандлари ташаббуси билан 2006 йилдан бошлаб ўз фаолиятини бошлади ва йиллар давомида халқаро мақомга эга бўлди. Шунингдек мазкур фестивал дунёнинг турли ўлкаларида, хусусан, МДХга аъзо давлатларда ташкил этилган. Мазкур фестиваллар Байкал, Байкалбўйи, Хакасси, Олтой тоғлари, Жанубий Урал, Қозоғистон, Қирғизистон, Грузия ва Белоруссия Республикалари ҳудудларида жами 14 маротаба ташкил этилган. 2013 йил 24-25 август кунлари Қирғиз Республикаси Иссиқ кўлда VIII-халқаро офф роад фестивали ташкил этилган. Фестивалда 100 га яқин йўл танламас автомобиллар ва 200 дан зиёд экипаж аъзолари ҳамда 500 дан зиёд тадбир томошабинларини жами 700 яқин иштирокчиларни ўз атрофида қамраган, мазкур фестивал тадбир иштирокчилари ва меҳмонлари томонидан юқори баҳоланган. Ушбу йўналишдаги ишларни давомли амалга ошириш мақсадида, 2021 йил октябрь ойида Грузияда бўлиб ўтган офф-роад форумида очиқ овоз бериш йўли билан Ўзбекистон 2022 йилдаги фестивални ўтказишга мезбонлик қилиш мукофотини қўлга киритилган. Мазкур фестивални мамлакатимизда ўтказиш мақсад Ўзбекистоннинг меҳмондўстлигини намойиш этиш, бой ва ғоят хилма-хил туристик салоҳиятга эга эканлиги, тоғлари, қир-адирлари, дарё ва кўллари, чўли-биёбонларини бутун дунёга танитиш, туризмнинг хилма-хиллигини оширишдан иборат.