Бугун, 20 август куни Тошкент ҳайвонот боғида Алатау лақабли жирафа вафот этди.
Боғ маъмуриятининг маълум қилишича, сўнгги ҳафта давомида Алатаунинг иштаҳаси пасайиб бораётгани кузатилган ва у тез суръатда вазн йўқотишни бошлаган. Ветеринария мутахассислари жирафанинг овқат ҳазм қилиш жараёнини яхшилаш учун симптоматик даволашни бошлаб юборишган. Ичак паразитлари мавжудлигини текшириш бўйича ўтказилган копрологик кўрик салбий натижа берган.
Айни дамда Давлат Ветеринария бўлими вакиллари иштирокида жониворни ёриб кўриш жараёни ўтказилмоқда. Барча зарур патологоанатомик материаллар Ҳайвонлар касалликларига қарши курашиш бўйича давлат ветеринария маркази лабораториясига юборилади.
“Барча лаборатория таҳлиллари натижалари олингандан кейин якуний ташхис қўйилади ва жонивор нега вафот этгани сабаби аниқланади”, – деб изоҳ берди Юнусобод тумани ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғИ Шавкат Габдулхаков.
Эслатиб ўтамиз, Алатау 2016 йилда 3 ёшлигида Олмаота ҳайвонот боғидан олиб келинган эди.






